Туркия Президенти ёрдамчиси Фуат Октай берган маълумотга кўра, зилзилада ҳалок бўлганлар сони 31 минг 643 кишига етди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Қаҳрамонмарашда ҳодисадан 185 соат ўтгач, 10 ёшли Аброр вайрона орасидан олиб чиқилди. Унинг аҳволи ўртача баҳоланмоқда. Хатайда ҳам 183 соатда сартарош Ҳусайн, 177 соатда 26 ёшли аёл, Адияманда 178 соатда 6 ёшли бола соғ-омон қутқарилди.

Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафао Шентоп Газиантепда бўлиб, офат оқибати ва қидирув-қутқарув ишлари билан танишди. Малатия прокуратураси қулаган уйлар бўйича тергов жараёни доирасида 31 киши қўлга олинганини айтди.

Истанбулда бутунлай қулаб тушган Газиантепдаги 12 қаватли турар-жойни қурган бунёдкорлик компаниясининг раҳбари Назми Тосун ҳибсга олинди. Мерсинда ва Адияманда олтита уй кўтарган қурилиш ширкати бошлиғи Шукри Ишитмен қочиб кетаётган пайтда тутилган.

Жанубий Калифорния университетининг зилзилалар физик ҳолати бўйича тадқиқотчиси, доцент Сильвен Барбо қисқа муддатда бир минтақада икки кучли зилзила содир бўлишига “ажойиб” ва “камдан кам учрайдиган” ҳодиса, дея таъриф берди.

АҚШ Геология хизмати зилзиладан зарар оқибатлари бўйича тадқиқотчиси Дэвид Шеллининг фикрича, Туркия сейсмик фаол ҳудуд.

“Анадолу” агентлиги унинг қуйидаги сўзларини келтирган: Мамлакат учта тектоник плитада жойлашган. Бу ерда кўплаб фаол ёриқлар мавжуд. Жуда кучли бўлган сўнгги зилзилалар табиатда кам учрайдиган ҳодисалар.

ЎзА