Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг махсус қарори билан аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида коммунал хизматидан тўлов қобилияти паст бўлган, 598 та ёрдамга муҳтож оиланинг табиий газдан тўлови учун 832,9 миллион сўм ва 143 та оиланинг электр энергияси тўлови учун 70,5 миллион сўм қарздорлиги тўлаб берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 15 декабрь куни тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш,  жорий йилнинг 16 январь куни аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган вазифаларни бажариш доирасида Нукус шаҳри ва туманларида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатларини юмшатиш, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида табиий газ ва электр энергиясидан қарздорлигини тўлаб  бериш белгиланган эди. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар маҳаллалар кесимида ўрганиб чиқилиб, ечим қабул қилинди.

Бугунги кунда Оролбўйи ҳудудида аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларга ечим топиш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш бўйича  кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари  Б.Матмуратов Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани маҳалла ва овулларида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш, ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминоти, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.  Жумладан, қарор ижроси доирасида “Aнҳорли” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси қурилиши бошлаб юборилган бўлиб, сенатор ва туман кенгаши депутатлари ушбу бино қурилишида бўлди. “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида йўлларга қум-шағал аралашмасини тўшаш, ободонлаштириш, уй фасадларини оҳаклаш ва газ трубаларини бўяш ишлари билан танишди.

Шунингдек, тумандаги “Янгиобод” ва “Туркистон” маҳаллаларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағи ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ҳамда  Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Бир асрнинг икки жавоҳири” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Навоий ижоди ҳамда  буюк шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, ижоди ҳақида маъруза қилинди.

Кечанинг бадиий қисмида талаба ёшлар иштирокида тайёрланган концерт дастури намойиш қилинди. Жумладан, ҳазрат Алишер Навоий ва Гули  монологи,  таниқли ёзувчи Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи асосида саҳна кўринишлари, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг нафис  рубоийлари  талабалар томонидан моҳирона ижро этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири