Таълим, тарбияга йўналтирилган инвестиция – келажакка киритилган сармоя, халқ фаровонлиги, давлат тараққиётини таъминловчи омил. Шу сабабли бутун дунёда узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия берилишини таъминлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, мамлакатимизда ҳам айни йўналишдаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Дунёнинг ривожланган давлатлари таълимга инвестиция жалб қилиш, яъни ўз таълим даргоҳларида хорижлик талабаларни ўқитиш орқали миллий иқтисодиётга миллиардлаб маблағ киритади. Қувонарлиси, юртимиз ҳам минглаб чет эл фуқаролари таълим олишни истайдиган масканга айланиб бормоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2021/22 ўқув йили бошида республикамиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони 5 100 минг нафарни ташкил этган. Энди ўтган йиллардаги айни рақамларга назар ташлайлик. 2016/2017 – 603, 2017/2018 –1320, 2018/2019 – 2685,  2019/2020 – 3593, 2020/2021 – 4219.

Тошкент тиббиёт академияси 4-босқичида  таҳсил олаётган ҳиндистонлик Абдул Босит алмашинув дастури асосида Украинада таълим олар эди. Ушбу мамлакатдаги  нотинчлик сабаб, у ўқишини Ўзбекистонда давом эттиряпти.

– Юртингизни танлаганимга сабаб шуки, Ўзбекистон ва Украина таълим тизими бир-бирига ўхшаш, – дейди Абдул Босит. – Қолаверса, бу ерда малакали, тажрибали ўқитувчилар ҳам кўп. Мен аввал Ўзбекистонда бўлмаганман, аммо ўқишимни кўчиришдан олдин интернет орқали турли маълумотлар билан танишдим ва шу заминни танладим. Қолаверса, бу ўлка тиббиётнинг устуни, асосчиси – Ибн Синонинг ватани. Мени қувонтирган яна бир жиҳат бағри кенг ўзбек халқининг меҳмондўстлигидир. Хушмуомала ўзбек ёшлари барчага доимо дўстона, меҳрибон муносабатда бўлишади.

Хорижлик талаба юртимиз ва Ҳиндистон таълим тизимининг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистонда тиббиёт соҳасига 5 йил ўқитилади. Тўрт йил назарий ва бир йил амалий таълим. Ўзбекистонда эса айни муддат 6 йилни ташкил этади. Ҳиндистонда назария кўпроқ ўргатилади. Менга эса юртингизда асосий эътибор амалиётга қаратилиши ёқди. Бу ерда талабаларга, ҳатто, биринчи курсдан клиникаларда амалиёт ўташ имкони берилади. Тиббиёт соҳасида амалиёт жуда муҳим.

Тошкент тиббиёт академиясида хорижлик, хусусан, ҳиндистонлик талабалар кам эмас. Улардан яна бири Антоний Жаймон Ражу.

– Ўзбекистон тиббий таълимида амалиётга катта аҳамият берилиши диққатга сазовор, – дейди Антоний Жаймон Ражу. – Менга гўзал ва бетакрор Тошкент жуда маъқул тушди. Энг муҳими, ўзбеклар олижаноб халқ. Бу юртда ҳеч ким инсонни миллати, ирқи ёки бошқа мансублигига кўра ажратмайди. Айниқса, миллий таомлар, маданият мени ҳайратга солди. Ростини айтсам, бу ернинг иқлими бизникидан фарқли бўлгани ва тилни яхши билмаганим учун бироз қийналдим. Шу сабабли ўзбек тилини ўрганмоқчиман. Маҳаллий дўстларим менга бу борада ёрдам бермоқчи.

Чин эътирофим, ўқиш учун Ўзбекистонни танлаб хато қилмаган эканман. Зеро, бу мамлакатда таълим, айниқса, тиббиёт йўналишида ўқитиш тизими яхши ривожланган.

Муниса Неъматова ёзиб олди.

ЎзА