БМТнинг таълим, фан ва маданият бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) дунё ҳамжамиятини мактаб ўқувчиларини озиқ-овқат билан таъминлашга эътиборни кучайтиришга, мактаб ўқувчиларининг саломатлиги ҳақида кўпроқ қайғуришга чақирди. Ташкилотнинг таъкидлашича, дунёдаги мавжуд барча таълим масканларининг учдан бирида тоза сув таъминоти ҳал қилинмаган. Ташкилотнинг мазкур масалага бағишланган «Таълим олиш ва ривожланишга тайёрланиш: дунёдаги барча мактабларда соғлом овқатланиш», деб номланган маърузасида шу ҳақда гап боради.

«Дунё бўйича  жами 584 миллиондан зиёд  боланинг мактабларда тоза сув билан таъминланиши чекланган ёки умуман таъминланмаган. Уларнинг ҳар беш нафаридан икки нафари Африка мамлакатларида яшайди. Гарчи,  дунёнинг қарийб барча мактаби ўқувчиларнинг овқатланишини йўлга қўйган бўлсада, тахминан 73 миллиони ҳали ҳам ушбу дастурдан фойдаланмайди», – дейилади ЮНЕСКО маърузасида.

Халқаро ташкилотнинг таъкидлашича, ўқувчиларни овқатлантириш ва уларнинг соғлиғини назорат қилиб бориш, болаларнинг таълим масканларига тез-тез бориши ва у ерда кўпроқ қолишига рағбат уйғотади. Фақат овқатлантиришнинг ўзи болаларнинг мактабларга  келиш кўрсаткичини 8 фоизга кўтарар экан.

«Ўқувчилар хавфсиз ва соғлом мактабларда яхши ўқишади. Шунга қарамай кўпчилик мактабларда ўқувчиларни тоза сув ва санитар хизматлари билан таъминлашга маблағи етишмайди. ЮНЕСКО ва унинг ҳамкорлари халқаро ҳамжамиятни ўқувчиларни озиқ-овқат ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоялаш учун мамлакатларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Чунки, болалар ўзининг салоҳиятини тўлалигича очиш мумкин бўлган шароитнинг яратилишига муносибдир», – дейди ЮНЕСКО бош директори Одрэ Азуле.