Жаҳон матбуоти саҳифаларида

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ушбу давлатда ҳам кенг нишонланмоқда.

Хусусан, Жанубий Кореядаги ҳамюртларимиз ва ўзбек тилини ўрганаётган корейс талабалар мазкур санага боғишлаб табрик сўзларини изҳор этишди.

Одилжон КАРИМОВ, Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар ассоциацияси раиси:

– Буюк бобомиз бой маънавий мероси, тенгсиз асарлари билан нафақат туркий тилли халқлар, балки бутун инсоният маданияти, адабиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг ўткир қалами, улкан тарбиявий аҳамиятга эга, беқиёс маҳорат билан ёзилган асарлари асрлар оша аҳамиятини йўқотмай, аксинча башарият хазинасига айланган.

Сон МИН У, Ханкук хорижий тиллар университети талабаси:

– Буюк шоир, давлат арбоби Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси ўзбек адабиёти ва жаҳон цивилизацияси ривожида муҳим ўрин тутади. Унинг яхшилик, инсонийлик, олийжаноблик каби тушунчалар мадҳ этилган гўзал шеърлари, ғазаллари инсониятни ҳайратга солишда давом этмоқда.

Маданият, санъат, адабиёт саҳнида ўзига хос даҳо сифатида эътироф этиладиган Навоий жаҳон адабиёти тарихидаги беназир сиймодир.

Ли СУЛЬ МИ, Ханкук хорижий тиллар университети талабаси:

– Асарлари юзлаб тилларга таржима қилинган Алишер Навоий ҳақли равишда жаҳон маданияти классиклари қаторидан муносиб ўрин эгаллаган. Дунё аҳли унинг асарларида тараннум этилган эзгу ғоялардан баҳраманд бўлмоқда. Жанубий Кореяда ҳам буюк шоирнинг илмий меросини, асарларини ўрганишга қизиқиш жуда юқори. Негаки, бу мерос XV асрдан буён жаҳон адабиёти ривожига хизмат қилиб келяпти. Таъкидлаш жоиз, буюк ўзбек адирбига ҳурмат белгиси сифатида 2021 йил декабрь ойида Сеулда шоир ҳайкали ўрнатилди.

И.Абдумаликзода тайёрлади.

ЎзА