Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

— Омбудсманга конституциявий орган мақоми берилгани туфайли тизимнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти ортмоқда, — деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова. — Ҳисобот даврида Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан 17 минг 761 та мурожаат келиб тушган. Уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан жойларда ўрганишлар, турли учрашувлар ташкил этилди. Жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Маҳкумлар билан бевосита суҳбатлар олиб борилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Йиғилишда депутатлар Омбудсман томонидан фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар билан қизиқди. Таъкидланганидек, Омбудсманга бу йўналишда 124 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларда тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ, қурилиш ишларида шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилмаслик, дарахтларнинг кесилиши, тоза ичимлик суви билан таъминланиш, маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар кўтарилган. Шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда инсон ҳаёти ва фаолиятининг экологияга салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан чоралар кўрилган.

Парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига соғлиқни сақлаш органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

— Мазкур қонун лойиҳаси юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг натижалари, соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш, шунингдек, ушбу органлар ва муассасалар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган, — дейди депутат Қизилгул Қосимова. — Лойиҳа билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга мувофиқ, маҳаллий Кенгашлар томонидан ярим йиллик якунлари бўйича соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг соғлиқни сақлашни ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг ижро этилиши, касалликларнинг профилактикаси ҳолати, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни шакллантириш ҳамда соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида ҳисоботини эшитиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунга фуқаролар йиғини томонидан аҳоли бириктирилган туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг, оилавий поликлиникаларнинг ва оилавий шифокор пунктлари раҳбарларининг соғлиқни сақлаш ҳолати, фуқаролар соғлиғига таъсир этувчи омиллар, шу жумладан, тегишли ҳудуднинг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги тўғрисида ҳисоботларни эшитишни назарга тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА