O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши  ташаббуси билан Нукус шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

2022 йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар муҳокама қилинди. Жумладан, ўтган 2022 йилда 3122 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, улар асосан  хизмат кўрсатиш ва сервис, хорижий тиллар ва рақамли  технологиялар, техник  каби турли хил соҳалар бўйича ўқитилган. Бундан ташқари, марказда  имконияти чекланган фуқаролар, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар” рўйхатида турган фуқаролар ҳам ўзлари севган касб турлари бўйича ўқитилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Эътиборли жиҳати, ногиронлиги бўлган шахсларнинг шу ернинг ўзида сурдотаржимон томонидан ўқитилаётганлиги, уларнинг имконияти чекланганлиги, ногиронлигига қарамасдан қизиқиш билан даромад топишга интилаётгани барчада яхши таассурот қолдирди.

Биргина мисол, маникюр билан шуғулланиш мақсадида келган қизлар бир нафар фуқарога хизмат кўрсатса, камида 200 минг сўм, бир кунда эса 800 минг сўм даромад топаётган бўлса, йигитлар кондиционер, замонавий қозонхона, иситиш ускуналарини таъмирлаш сир-асрорларининг 30 фоизини назарияда ўрганса, 70 фоизини амалиётда ўзлаштирмоқда.

Бундан ташқари, марказ қошида иссиқхона ҳам фаолият кўрсатмоқда.   Унда бир вақтнинг ўзида  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан бирга   калифорния қурти ҳам парвариш қилиниб,  биогумус ишлаб чиқарилмоқда. Бу қуртдан  бор-йўғи 700 минг сўм сарфлаб, 3 ойдан сўнг энг кам деганда  7-7,5 миллион сўм даромад топиш мумкинлиги таъкидланди.

Иштирокчилар марказда тингловчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишар экан, ўзларига катта таассурот олиб, марказ фаолиятида касб турларини кўпайтириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини ҳам билдиришди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири