1938 йил ташкил топган Мисрнинг “Elsewedy Electric” компаниясининг 2021 йилдаги молиявий айланмаси 3,8 миллиард долларни ташкил қилди. Корхона фаолиятининг асосий йўналиши янги объектлар яратиш, сим ва электр жиҳозлари ишлаб чиқариш, рақамли технологияни жорий этиш орқали энергетика ва инфратузилмани ривожлантиришга сармоя киритиш ҳисобланади. Жамоа ҳозиргача амалга оширган умумий қуввати 35 GVтлик лойиҳаларда 17 мингдан зиёд одам ишлайди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг “Elsewedy Electric” раҳбарияти билан учрашувида мамлакатимиз энергетика соҳасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш ва инновацион ишланмалар жорий этиш истиқболи муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида компания раҳбарияти мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида инвестициявий муҳит яхшиланиб, сармоядорларнинг юртимизга ишончи ортиб бораётгани, жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кўлами кенгаяётганини юқори баҳолади.

Йиғилишда “Elsewedy Electric” 19 давлатда амалга оширилаётган йирик энергетика корхоналари қуриш, юқори вольтли электр узатиш линияси ўтказиш, «яшил энергия” объектлари яратиш ва ақлли шаҳарларни ривожлантиришга оид инновацион лойиҳаларини тақдим этди.

Томонлар Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш доирасида бирга иш олиб боришга келишиб олди.

ЎзА