Қорақалпоқистон Республикаси Кегейли туманида шўр ювишга ер тайёрлаш, лазерли текислашнинг аҳамияти ва сув хўжалигидаги муҳим тадбирлар юзасидан кўргазмали амалий-семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Мелиоратив экспедиция мутасаддилари таъкидланганидек, шўр ювиш тадбирини белгиланган талаблар асосида амалга ошириш ўз-ўзидан ҳудудда ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига хизмат қилади. Соҳага жорий этилган янги технологиялар асосида бугунги кунда мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари сатҳи ва минераллашганлик даражасини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи (DIVER) қурилмалари ўрнатилган. Шулардан олинган маълумотларга кўра, йилдан-йилга ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ер ости сизот сувлари муаммоли бўлган ҳудудларда ҳам улар 2 метрдан пастга тушмоқда.
Семинарда шўр ювишга ер тайёрлаш, пол олиш ва сув очиш тартиблари, кучли шўрланган майдонларда қўлланилиши тавсия этилаётган “Биосольвент” препарати ва ундан фойдаланиш технологияси иштирокчиларга кўргазмали турда намойиш этилди. Шунингдек, Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган мавзуга оид буклетлар ҳамда “Сувдан рационал фойдаланишда шўр ювишнинг самарадорлигини ошириш бўйича” тавсиянома қўлланмаси сувчи ва фермерларга тарқатилди.
Тадбир иштирокчилари шўр ювиш учун сув очилган далаларда бўлиб, ички суғориш тармоқларида шўр ювиш даврида сув тақсимланиши билан танишди. Сув хўжалиги масъуллари ва олимлар мазкур далаларни шўр ювишга тайёрлашда йўл қўйиладиган камчиликларни бартараф этиш, бугунги куннинг муҳим тадбирларини амалга ошириш бўйича сувчилар ва фермер хўжалиги вакилларига тегишли кўрсатмалар берди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА