Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида жорий йилда инфляция даражасини пасайтириш чоралари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Маълумки, инфляция фақатгина макроиқтисодий кўрсаткич эмас, аҳоли даромади ва турмуш тарзига таъсир қилувчи омил ҳисобланади. 2022 йил якуни билан юртимизда инфляция 12,3 фоизни ташкил этган эди. Барча иқтисодий механизмларни қўллаб, жорий йилда бу кўрсаткични 10 фоиздан пастга тушириш мақсад қилинмоқда.
Бунинг учун истеъмол товарлари, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни “даладан дастурхонгача” етказиб беришдаги харажатларни қисқартириб, арзон бўлишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш учун аҳолига ажратилган жами 200 минг гектар ердан унумли фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ушбу чора-тадбирларни тизимли ташкил этиш учун ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Аҳоли даромадларини оширишда уларнинг бўш пул маблағларини молия бозорига жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада яратилаётган қулайликлар ўз натижасини бермоқда. Жумладан, охирги уч йилда аҳолининг банкдаги омонатлари 2 бараварга ошди.
Лекин, бу йўналишда ҳали имкониятлар кўп. Шу боис йиғилишда аҳоли учун жозибадор молиявий хизматлар турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.