Президентнинг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унда профессионал таълим тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг талабларига мос бўлган малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш чора-тадбирлари ҳам белгиланди.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича давлат грантлари ажратилади. Бунинг натижасида, жорий йилда дуал таълим шакли бўйича давлат гранти асосида камида 5,7 минг нафар ўқувчи қабул қилинади.

Дуал таълим шаклида ўқувчи профессионал таълим муассасасида назарий билимларни олади ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди (Германия, Швейцария, Австрия тажрибаси).

Лойиҳада 2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида малакали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган 1 тадан намунавий профессионал таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.

Натижада, намунавий профтаълим муассасалари Европа Иттифоқи Комиссияси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), КФВ банки, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Жанубий Кореянинг “ЕДЦФ” фонди билан биргаликда ташкил этилади.

Ушбу муассасалар фаолиятига замонавий стандартларни жорий қилиш учун уларга ўқув режа ва дастурларни, таълим шакли ва муддатини мустақил белгилашга рухсат берилади. Шунингдек, ҳар битта муассасага 4 нафардан хорижий эксперт жалб этилади.

– 2023 йил 1 апрелдан бошлаб профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;

– профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

Бунинг натижасида, 27 нафар профессионал таълим муассасаси ўқитувчиларининг ойлик маошлари 20 фоизга оширилиб, ўртача 3 миллион сўмга тенг бўлади. Ушбу мақсадларга жорий йилда 139 миллиард сўм йўналтирилади.

ЎзА