Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Туркиянинг “Sabah” нашри хабарида айтилишича, фалокат ҳудудидан умидбахш хабарлар ҳам келяпти. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ бўйлаб тарқалаётган суратлар ҳам гувоҳлик беради.
Газиантепдаги Айше Меҳмет Полат майдонида 3 ойлик чақалоқ ва унинг онаси қутқариб олинди.
Қаҳрамонмарашнинг Кўкер кўчасидаги қулаган 10 қаватли бино томондан эшитилган товушга диққат қаратган қутқарувчилар, тахминан, 31 соатдан бери вайрона остида ётган 15 ойлик Мерьемни топиб, шифохонага ётқизишди.
Офатдан омон қолган, аммо 17 соатдан кўпроқ иложсизликдан қийналган 5 ёшли митти Кумсални қутқариш жараёни жуда ҳаяжонли кечди. Қизалоқнинг вайрона ичидан кўриниб турган қўнғироқ сочи, дастлаб, юракларни изтиробга солди, мунчоқдек нигоҳи эса халоскорларга куч бағишлади.
Бетон-тошлар тагидан эмаклаб чиққан яна бир қизчанинг ним табассуми, беихтиёр, атрофдагиларни-да йиғлатди. Оиласининг севинч кўз ёшлари камераларга муҳрланди.
Ҳатайда ўт ўчирувчилар томонидан қутқарилган 4 ёшли қизча касалхонага ётқизилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА