Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринични қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон- Беларусь савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва алоқаларни янада кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.

Ўзаро савдо муносабатида ижобий суръат кузатилаётгани қайд этилди. Хусусан, 2022 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори 71 фоиз ўсиб, 530 миллион доллардан ошди. Шу билан бирга Ўзбекистон маҳсулотларининг Беларусга экспорти икки баробар кўпайди. Томонлар яқин йилларда савдо кўрсаткичини 1 миллиард долларга етказиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

Мулоқот давомида сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболи ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар сони 181 тага етди, шулардан 77 таси қўшма, 104 таси юз фоиз Беларусь инвестицияси иштирокида ташкил этилган. 2022 йилнинг ўзида 86 янги компания ташкил этилди. Ҳозир Беларусь ҳудудида Ўзбекистон сармояси иштирокида юздан зиёлд корхона фаолият юритмоқда. Томонлар саноат кооперациясида янги қўшма лойиҳалар амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Шу ўринда айтиш керак, Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро алоқалари ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. 2022 йил октябрь ойида Витебск вилояти делегациясининг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида иқтисодиёт, саноат, таълим ва туризм соҳаларида муҳим келишувларга эришилди. Қўшма савдо ва ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш орқали ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, мебел саноати ҳамда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга ошириш таклифлари таҳлил қилинди.

Учрашув якунида томонлар икки мамлакат ҳамкорлигини янада кенгайтиришга келишиб олинди.


ЎзА