Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов мамлакатимизда дипломатик миссиясини якунлаётган Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари элчини қутлар экан, унинг Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик муносабати ва ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган изчил фаолияти, салмоқли ҳиссасини мамнуният билан қайд этди.

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарларининг ишончли мулоқоти ва биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли бугун Ўзбекистон – Хитой алоқалари мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилиб, тизимли ва жадал тус олгани, маданий-гуманитар, илмий-маърифий ҳамкорлик кенгаяётгани таъкидланди.

– Элчи хонимдан менинг дўстим, Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Син Ган жанобларига энг самимий тилакларимни етказишни сўрадим, – дея маълум қилди Б.Саидов.

Цзян Янь, ўз навбатида, Хитойнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари сифатидаги фаолиятида мамлакатимиз томонидан кўрсатилган ҳар томонлама кўмак учун миннатдорлик билдирди.

Б.Худойбердиев, ЎзА