Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Алия Юнусова Янгиҳаёт туманидаги 12 ёшли қизнинг ўлими юзасидан муносабат билдирди:

– Қизчанинг аянчли ўлими барчани чуқур қайғуга солди. Интернет оламидаги муҳокамалар, халқнинг ғазаби ва, албатта, ёшгина қизалоқнинг нобуд бўлгани мамлакатимизда болалар хавфсизлиги тўлиқ таъминланмаганини кўрсатади.

Бу ҳолатда қизча бегона шахс томонидан зўравонликка учраган. Шахсан менга юборилаётган мурожаатлар орасида оила аъзолари, буваси, ўгай акаси ёки ўгай отаси томонидан мунтазам жинсий зўравонликларга учраётган болалар ҳам топилади. Ҳатто 4–9, 10–14 ёшли болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар амалга ошириляпти.

Албатта, бу жуда ачинарли ҳолат. Бундай мурожаатларни ўқиш жуда оғир. Ахир болалар ҳимояга муҳтожку. Бу ҳолатларни ўзимиз назоратга олиб, Бош прокуратурага расмий хат билан мурожаат қиляпмиз.

Болаларга нисбатан қўлланадиган жинсий зўравонликларга бериладиган жазо турини кучайтириш орқали юқоридаги ҳолатларга барҳам берган бўламиз.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон 1995 йил 31 августда “1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга доир факультатив баённома”га қўшилган. Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилинган ва бу давлатимизнинг халқаро мажбурияти ҳисобланади.

Шундай экан, Болалар омбудсмани болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган шахсларга энг оғир жазо тури қўлланилиши ҳамда уларга ҳеч қандай амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланмаслиги керак, деган позицияда.

Болалар омбудсмани мурожаатлар таҳлили ва ўтказган ўрганишлари давомида таклифлар тайёрлаб, тегишли ташкилотларга юборган. Бундан ташқари, болаларга яратилган шароитларни ўрганиб, аниқлаган камчиликлар бўйича тавсиялар берилган.

Лекин, шу билан биргаликда, болалар шахсан ўзлари Болалар омбудсманига мурожаат юборишлари учун қисқа ишонч телефонлари фаолиятини зудлик билан йўлга қўйиш лозим.

Боғча, мактаб ва бошқа муассасаларда болаларнинг руҳий ҳолатини ўрганадиган мутахассислар сони ва малакасини ошириш керак. Судья, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва адвокатларнинг бола ҳуқуқлари кафолатлари бўйича ихтисослашувини кучайтириш зарур.

Болаларнинг зўравонликка учраганда, оила аъзолари томонидан таҳқирланганда ёки бошқа ҳолатларда имо-ишора билан хабар бериш бўйича кўникмаларини шакллантириш керак.

Юқоридаги воқеа болалар ҳимоясини янада мустаҳкамлаш, масъулиятимизни янада ошириш, шу орқали, болаларни, уларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган ва хавфсизлиги таъминланган жамиятда яшашини таъминлашимиз зарурлигини кўрсатди.

ЎзА