Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи, ислоҳотлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиши анъанага айланди. Эътиборлиси, ушбу ташрифлар давомида, энг аввало аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида яратилаётган шароитлар яқиндан ўрганилиб, фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда галдаги вазифа ва режалар белгилаб олинмоқда.

Бу галги Андижон вилоятига қилинган ташриф давомида ҳам далатимиз раҳбари дастлаб аҳоли бандлигини таъминлашдаги муҳим лойиҳалар ижроси кўздан кечирилди. Хусусан, вилоятнинг Бўстон туманида янгидан қуриб фойдаланишга топширилган “Сайёра фаввораси” масъулияти чекланган жамияти иш фаолияти билан танишди.

Ушбу корхона умумий қиймати 113 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида ташкил этилиб, корхонага Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Корхонада эркаклар, аёллар ва болалар учун 50 турдан ортиқ, йилига 1 миллион 200 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Энг муҳими, тумандаги мингга яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди.

Корхона фаолиятидаги яна бир янгилик бу — шу ернинг ўзида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув марказининг ташкил этилганидир. Ушбу марказда ҳудуддаги ишсиз фуқаролар ҳунар ўрганиб, ўз йўлини топмоқда. Жумладан, яқинда 200 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз касбга ўқитилиб, ишга олинган.

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга амалга оширган ташрифлари давомида ҳудуд ёшлари билан учрашиб уларнинг фикрлари, орзу ва мақсадларини тинглаши, ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишиши ҳам анъанага айланган жараёндир. Шу боисдан, Президентимиз Андижонга қилган ташрифи давомида Андижон туманидаги 55-умумтаълим мактабида бўлиб, у ерда ёшларнинг таълим олишлари учун яратиб берилган шароитлар билан танишиб, мактабда касб-ҳунар ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

Маълумки, 2022 йил декабрь ойида Президентимиз Ўзбекистон халқига ва парламентга йўллаган Мурожаатномасида мактаб ўқувчиларини хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўргатиш зарурлигини таъкидлаб, туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилиши белгиланган эди.

Бугунги кунда мактабнинг юқори синф ўқувчилари бу ерда тикувчилик, мебелсозлик, қандолатчилик, косибчилик, сават тўқиш, кўрпа-тўшак тикиш каби йўналишларни ўрганмоқда. Шунингдек, мактаб ҳудудида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш, типография, компьютер хизмати ва салонлар ташкил этилган. Бу эса, ёшларга мактабни битириб, олий таълим даргоҳини битирмасдан туриб ҳам ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишига ҳисса қўшади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 17 июнь куни Андижон туманидаги адирликда Янги Андижон шаҳарчаси қурилишига пойдевор қўйган эди. Бугунги кунда бу адирликларда кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар қад кўтармоқда. Водий вилоятларига қилинган ташрифнинг илк кунида ушбу шаҳарчада қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли сони ўсиши билан электр истеъмоли ҳам кундан-кунга ошиб бораётгани, сўнгги беш йилда юртимизда хонадонлар 1 миллион 200 мингтага кўпайиб, корхоналар сони эса 260 мингтага етгани таъкидланди. Натижада, электр энергиясига бўлган талаб 35 фоизга ошган. Хусусан, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида электрга талаб 40 фоизга кўпайган.

Шу боис йиғилишда қуёш ва шамол станциялари лойиҳаларига эътибор қаратилди. Жумладан, Бу йил Поп ва Фарғона туманларида 600 мегаваттли 2 та қуёш электр станцияси қурилиши режалаштирилгани, Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микро гидроэлектр станция қуриш имконияти борлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, бу йилдан бошлаб, ижтимоий объектларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Унга 200 миллион доллар маблағ берилади. Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ҳамда бюджет корхонасига “яшил энергия” сотади. Шунингдек, ижтимоий объектлардаги 3 мингта эскирган қозонлар замонавий ускуналарга алмаштирилади.

Вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган, йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақида бўлди. Маълумки, бу борада вилоятларда зарур шароитлар яратилмоқда. Хусусан, 31 январь куни имзоланган Президент қарорига кўра, оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредитлар доирасида Андижон вилоятига 1,1 триллион сўм ажратилади.

Сўнгги икки йилда аҳолига деҳқончилик учун 8 минг гектар ҳосилдор экин ерлари берилган, 2023 йилда яна 10 минг гектар ер тарқатилади. Маҳаллаларда саноатни ривожлантириш учун 36 та микромарказ ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбари ишбилармон ва меҳнатсевар одамлар юрти бўлган Андижонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мумкинлигини таъкидлади. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, ўтган 2022 йил давомида умумий қиймати 924 миллион АҚШ долларига тенг 633 та лойиҳа ишга туширилди. Бунинг натижасида 41,1 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Бу йил вилоятда 800 миллион долларлик 235 та инвестиция лойиҳаси якунланиб, 40 минг киши иш билан таъминланади. Аҳолига ажратиладиган 10 минг гектар ерда 75 мингта доимий ва 200 мингта мавсумий иш жойи очилади. Хулоса қилиб айтганда, ташриф давомида белгилаб берилган режаларнинг ўз вақтида самарали ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролар турмуш фаровонлиги янада юксалишига хизмат қилади.

 

Олтиной Мамирова,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  

ЎзА