2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 2-мақсадида халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш, 3-мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш белгиланган.

7-мақсадида эса мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш, жумладан, парламент палаталарида ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, масофавий ишлаш амалиётини кенг жорий қилиш, ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурлари муҳокамасида тегишли ҳудуддан сайланган депутат ва сенаторларнинг иштирокини кучайтириш, «Электрон парламент» доирасида депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш жараёнини рақамлаштириш вазифалари ўз аксини топган.

Ушбу мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази томонидан ҳудудий вакиллик органлари депутатларининг малакасини ошириш мақсадида ўқув курсларини ташкил этиш йўлга қўйилмоқда. Бунда ҳар бир сиёсий партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари учун махсус ўқувлар ташкил этилиб, уларнинг тажрибаси ҳамда фаоллигини ошириш мақсад қилинган.

Мазкур лойиҳанинг дастлабки “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш” мавзусидаги ўқувида Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова ҳамда  Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов кириш сўзи билан очиб берди:

— Бугунги ислоҳотлар жараёнида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаоллигини ошириш, уларнинг ўз ваколатларидан келиб чиқиб, ҳудудлар ривожига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириши долзарб аҳамиятга эга, — деди Фозилжон Отахонов. — Шу маънода мазкур ўқувлар депутатларнинг ваколатлари доирасидаги таклифларининг илмий асослари ва ривожланган давлатлар тажрибасида қандай тартибга солингани, депутатлик назоратини амалга оширишнинг самарали йўлларини хорижий тажрибаларни ўрганиш орқали амалиётга татбиқ этишига ёрдам беради.

Депутатлар иштирокидаги ўқув давомида  “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари”, “Маҳаллий бюджетни шакллантириш ҳамда унинг ижроси устидан депутатлик назорати”, “Маҳаллий солиқларни белгилаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш”,  “Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида, парламент назорати тадбирларида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари вакилларининг иштирок этиши, уларнинг фикрларини олиш амалиётини йўлга қўйиш” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Мавзулар доирасида маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларига доир миллий ва хорижий тажрибалар борасида маълумотлар тақдим этилди.

— Мамлакатимизда 60 фоиз аҳоли ҳудудларда истиқомат қилади, — деди Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти БМТ ўқув маркази раҳбари Ғолибжон Маҳаммаджонов. — Шу маънода маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳудудлар ривожидаги иштироки ва фаоллигини ошириш муҳим ҳисобланади. Маҳаллий вакиллик органи вакилларининг иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли ва ҳукумат ўртасидаги воситачилик ролини янада самарали ва демократик тамойилларга хос ташкил этиш орқали фаровонликни таминлаш лозим. Бу борадаги фаолиятни жонлантиришда халқаро тажрибаларнинг муҳим, ўзимизга хос ва мос жиҳатларини ўрганиш яхши самара беради.

Жумладан, Сингапур, Финляндия, Германия, Дания ва Швеция каби мамлакатлар тажрибаларида ўзига хосликлар мавжуд. Масалан, Германия тажрибасига кўра, парламент вакиллари ойда 2 маротаба маҳаллий кенгаш депутатлари билан учрашувлар ташкил этади. Бу борада бизда ҳам ҳар ойда бир маротаба маҳаллий Кенгашлар

депутатлари ва Қонунчилик палатаси депутататлари билан учрашувлар ташкил этиш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминловчи ягона платформани шакллантириш мақсадга мувофиқ.

Ўқув давомида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада жонлантириш юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.


Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА