Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Юртимизда наркологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш, уларга чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — деди депутат Музаффара Абдиева. — Хусусан, Президентимизнинг “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган наркология хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш, наркология муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилган вазифалар ижроси наркологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг янада такомиллаштирилишига хизмат қиляпти.

“Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материаллар наркология муассасаларининг, наркологик касалликка чалинган шахс оила аъзоларининг ёки қариндошларининг илтимосномалари асосида ички ишлар органлари томонидан тайёрланади ва расмийлаштирилади.

Фуқаролар хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид солаётган ёхуд жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузиш, психофаол моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатларининг барвақт олдини олишда ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида қонун лойиҳаси билан наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни ички ишлар органларининг ташаббуси билан ҳам расмийлаштириш белгиланмоқда.

Шунингдек, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материаллар тайёрлаш механизми очиб берилмоқда.

Йиғилишда қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш давомида депутатлар қатор савол ва эътирозларини, таклифларини билдирдилар. Тортишув ва қизғин баҳс-мунозалардан сўнг, қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА