Мамлакатимиздаги барча даволаш-профилактика муассасалари, айниқса, поликлиникаларда тиббий психологлар штати жорий қилинган. Айни пайтда суицидология хизмати ҳам йўлга қўйилган.

Суициднинг олдини оладиган мутахассис – бу тиббий психологдир. У депрессияни даволаб, характер ўзгаришларини коррекция қилади. Суицидга олиб келувчи касалликларни фаол бартараф этади. Ҳеч қачон бемор “Мен ўз жонимга қасд қилмоқчи эдим” деб суицидологга бормайди. Бироқ бошқа касалликларни рўкач қилиб, тиббий психологга келади. Масалан, психиатрга беморни зўрлаб олиб борасиз, психологга эса ҳар бир инсон ўз хоҳиши билан боради, ҳеч бўлмаганда ўзини-ўзи англаши учун.

– Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида 2002 йил токсикология бўлими ташкил қилинган, – дейди филиалнинг токсикология бўлим мудири З.Қуватов. – Бу бўлимда заҳарланишлар, аллергик ҳолатлар, ўз жонига қасд қилишлар орқали келтирилган беморлар даволанади. Бўлим 10 шифо ўрнига мўлжалланган бўлиб, 2022 йилда 1 минг 318 нафар бемор даволаниб чиққан. Шундан 177 таси суицидлар ёки ўз жонига қасд қилган беморлардир. Беморларни ўз жонига қасд қилишига, оилавий муаммолар, иқтисодий етишмовчиликлар, муҳаббат можаролари, қасд олиш мақсадлари ва ҳоказолар асосий омил бўлмоқда Бундан ташқари, психотроп дорилардан заҳарланишлар суицидларнинг юқори даражасини ташкил қилмоқда. Ўтган йил шу йўналишда 26 та ҳолат қайд этилган. Ўз жонига қасд қилиш орқали даволанган беморларнинг 2 таси ўлган. Суицид ҳолатлари 19-45 ёшли инсонлар ўртасида кўп учрамоқда. 2021 йил беморлар сони 72 та бўлган бўлса, 2022 йилда 112 тага етган. Суицид ҳолатлари кейинги йилларда кўп қайд қилинаётганлигини инобатга олган ҳолда, биз шифокорлар ҳам аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтиришимиз лозим. Айниқса, ўқув юртлари, ёшлар ишлайдиган муассасалар, маҳалла фуқаролар йиғинларида суицид мавзусига қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришни кучайтириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Маълумот учун, дунёда ҳар йили 1 миллион одам суицид орқали ҳаётдан кўз юмади (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотлари, 2016 йил). Бу кўрсаткич 100 000 аҳолига ўртача 16 кишини ташкил қилади. Дунё миқёсида Россия (26,5), Литва (25,7) ва Қозоғистон (22,8) давлатларида суицид ҳолатлари кўп учрайди.

Масалан, 2012 йил Жанубий Кореяда суицид даражаси 28,9 ни ташкил қилган. Эътибор қилинадиган бўлса, ҳаёт даражаси юқори бўлган давлатларда суицид даражаси ҳам юқори бўлиб қолмоқда. Мусулмон давлатларида суицид даражаси анча паст ҳисобланади. Масалан, 100 000 аҳолига Қирғизистонда 9,1, Ўзбекистонда 7,4, Туркияда 7,2, Туркманистонда 7,2, Баҳрайнда 5,7, Саудия Арабистонида 3,4, Тожикистонда 3,3, Бирлашган Араб Амирликларида 2,7, Озарбайжонда 2,6, Қувайтда 2,2 суицид рўй беради. (ЖССТ, 2016 йил).

Йиллаб уруш гирдобида қолган давлатларда суицид кам учраши эътиборни тортади. Масалан, Афғонистонда бу кўрсаткич 6,4, Ироқда 4,1, Ливан 3,2, Сурияда 2,4 суицид рўй беради. Кариб денгизи давлатлари ва Багам оролларида суицид жуда кам учрайди. Суицидологлар фикрича, ушбу кўрсаткичлар турли давлатларда расмий статистикада кўрсатилган маълумотлардан анча юқори бўлиши мумкин. Чунки бахтсиз ҳодиса билан суицидни ҳар доим ҳам фарқлаш осон эмас ва баъзи давлатларда суициднинг ҳақиқий кўрсаткичи яширилади. Суицид бой ва камбағални танламайди. Кўриб турганингиздек, биз ҳавас қиладиган ривожланган давлатларда суиқасд жуда кўп учрайди. Демак, суицид – атроф-муҳитда рўй бераётган фалокатли воқеаларга шахсий реакция. Ҳамма нарса шахснинг ўзига ва уни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Қандай яшаш Сизнинг ўзингизга боғлиқ. Биров билан ишингиз бўлмасин, уларнинг хатосини қайтармасликка ҳаракат қилинг.

ХХ аср бошида буюк психоаналитик Зигмунд Фрейд “Ҳаёт қониқишдан иборат” деган эди. Демак, ҳар бир инсон ҳаётдан қониқиб яшаши керак. Акс ҳолда унинг миясига турли ёмон фикрлар келаверади. Суицидни олдини олиш билан асосан тиббий ва умумий психологлар, социологлар ҳамда психиатрлар шуғулланади. Суицидологлар эса, асосан, суицидга уринишлар рўй бериб тирик қолганлар билан ишлашади. Суицидологнинг ўзи ҳам кучли психолог бўлиши керак. Психиатрлар руҳий касалликларни (12-18 фоиз) даволаб суициднинг олдини олса, тиббий психологлар невроз, депрессия ва фобияни (72-80 фоиз) даволаб суициднинг олдини олади. Бу рақамлардан кўриниб турганидек, суициднинг олдини олишда асосий юк тиббий психологлар ва психотерапевтларга тушади.


Зариф Комилов,  

ЎзА