Жорий йил 26 январда “Пахта хомашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг таъсисчиларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга чақириш, фермерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатъиян ман этилади.

Пахта-тўқимачилик кластерларига тўрт томонлама битим доирасида олинган мажбуриятлардан ташқари қўшимча мажбуриятларни юклаш тақиқланади. 2023 йил ҳосилидан ҳар йили 1 октябргача пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликлари билан келгуси йил ҳосили учун пахта етиштириш бўйича фьючерс шартномалари тузилади.

Шунингдек, 2023 йилдан хориждан олиб келинган ва республикамизда ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига улар қийматининг 30 фоизи қоплаб берилади. Пахта етиштириладиган майдонларни насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади.

2025 йил 1 январгача импорт қилинадиган айрим минерал ўғитларга божхона божининг “ноль” ставкаси қўлланилади.

ЎзА