Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд куни муносабати билан Самарқанд шаҳрида буюк давлат ва сиёсат арбобини хотирлаш маросимлари ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва жамоатчилик вакиллари Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг вилоят жамоатчилиги томонидан Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Халқимизнинг ардоқли фарзанди ҳаёти, ибратли ишлари ёдга олинди.

– Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, халқимизнинг тинч-осойишта, фаровон яшаши учун қатъият ва шижоат билан сиёсат юритган раҳбар эди, – дейди Тойлоқ тумани Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Мусохон Тўраев. – Мен иш фаолиятим давомида у киши билан бир неча марта учрашганман, хўжаликда раислик пайтимда келиб ишимиз билан танишган, ғаллачиликдаги муваффақиятларимизни эътироф этган эди. Далада кечга суҳбат чоғида ғалла мустақиллигига эришиш мамлакатимиз сиёсий мустақиллигини мустаҳамкамлашнинг муҳим асоси эканлигини таъкидлаган эди. Шундай инсон билан замондош бўлганимдан фахрланаман. У кишининг номи халқимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди.

Ислом Каримов Самарқанд шаҳрида туғилиб ўсгани, ёшлик йиллари шу муқаддас заминда кечгани учун ҳам она шаҳрига ўзгача меҳр-муҳаббат билан қарарди. У ўз васиятига кўра, 2016 йил 3 сентябрь куни Ҳазрати Хизр масжиди ёнида дафн этилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда мақбара бунёд этилган ва ушбу маскан доим зиёратчилар билан гавжум.


Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА.