Мамлакатимизда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, соҳага янги инвестиция лойиҳаларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ҳам маиший чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш борасида янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Маълумки, ҳудуднинг “Янги ҳаёт” маҳалласида Тошкент шаҳар чиқиндихона полигони мавжуд бўлиб, бу ерда тўпланаётган чиқиндилар атроф-муҳитга ҳамда атмосферага салбий таъсир кўрсатаётир. Шуни алоҳида эътиборга олиб соҳага киритилаётган янги инвестиция лойиҳаси натижасида ушбу муаммо бартараф этилади.

Гап шундаки, тумунда Жанубий Кореянинг «SEJIN G&E Co Ltd» компанияси томонидан маиший чиқиндилар полигонларидаги чиқиндилардан газ олиб, газни қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишига старт берилди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари ва Энергетика вазирликлари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Экология вазири ўринбосари бошчилигидаги Корея делегацияси вакиллари, туман ҳокими ўринбосари Ғолибжон Эшмирзаев иштирок этди.

Тадбирда янги лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудида жойлашган чиқинди полигонининг умумий майдони 89 гектарни ташкил қилиб, ушбу полигонга Тошкент шаҳридан бир кунда қарийб 2 минг тоннагача чиқинди ташланади. Ушбу чиқиндиларнинг ҳажми катталиги ҳамда ўз вақтида утилизация қилинмаслиги туфайли атроф-муҳитга катта зиён етмоқда.

Президентимиз 2019 йил 1-3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида мазкур чиқинди полигонида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш зарурлиги тўғрисида топшириқлар берган эди. Шундан келиб чиқиб, “Чиқинди газидан электр энергияси ишлаб чиқиш” инвестиция лойиҳаси доирасида Оҳангарон қаттиқ маиший чиқинди полигони ҳудудидан 1 гектар ер майдони ажратилди. Умумий қиймати 55 миллион долларга тенг бўлган ушбу лойиҳанинг йиллик электр ишлаб чиқариш қуввати 16 мегаваттни ташкил этади.

Лойиҳа доирасида полигондаги чиқиндиларнинг усти ёпилиб, улардан газ олинади. Газни қайта ишлаб чиқариш эвазига эса электр энергияси олинади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида муқобил электр энергияси олишга эришилиши билан бир қаторда, атмосферага кўп миқдордаги иссиқхона газларининг чиқиши, ер ости қатламига зарарли моддаларнинг сингиши, шунингдек, турли эпидемиологик касалликларнинг келиб чиқишининг олди олинади. Бунинг натижасида атмосферанинг ифлосланиши ва бадбўй ҳид чиқишининг олди олинади, ер қатлами зарарланишининг олди олинади, чиқиндихона устида боғ яратилади. Турли эпидемиологик касалликлар келиб чиқишига йўл қўйилмайди ва қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Туманда қўшимча янги иш ўринлари яратилиб, қўшимча солиқ тушуми пайдо бўлади.

А.Мусаев, ЎзА.