Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Дилбулоқ маҳалласида бўлди.

Маҳалла миллий қадриятлар маскани саналади. Кўплаб хайрли ишлар, эзгу ташаббуслар маҳаллаларда, халқ билан маслаҳатлашилган ҳолда амалга оширилади.

Олий мартабали меҳмонга кейинги йилларда бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилиб, энди маҳалла масъуллари янада кенг имконият ва ваколатларга эга бўлгани ҳақида сўзлаб берилди.

Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат тизимга солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” жорий этилгани таъкидланди. Улар ўз ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлаш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш каби масалаларни ҳал қилишда биргаликда фаолият олиб бориши қайд этилди.

Дилбулоқда 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳаллада боғча, оилавий поликлиника, спорт мактаби, савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда.

Маҳалла идораси янги қурилган. Кўп қаватли уйлар йўлаги ва ички кўчалар таъмирланган. Ҳудуддан ўтувчи анҳор бўйи тартибга келтирилиб, обод сайилгоҳга айлантирилган. Ишкомлар, мевали ва манзарали дарахтлар, пиёдалар йўлаклари маҳаллага кўрк бағишлаб турибди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш маҳалла мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутувчи ноёб институт эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистонда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш учун бу тузилма имкониятларидан кенг фойдаланилаётганини юқори баҳолади.

 

Икром АВВАЛБОЕВ,

Муҳаммад АМИН(сурат),

ЎзА