Пойтахтимиздаги Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида Франциянинг Париж шаҳрида июль-август ойларида бўладиган ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросимида байроқдорлар номи эълон қилинди.

Унга кўра, бокс бўйича жаҳон чемпиони Абдумалик Халаков ҳамда қиличбозлик бўйича «Ханчжоу-2022» ёзги Осиё ўйинларининг олтин ва бронза медаллари соҳиби Зайнаб Дайибекова «Париж-2024» XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари эканлиги маълум қилинди.

Тадбирда мамлакатимиз байроғи А.Халаков ва З.Дайибековага тантанали равишда топширилди.

Ўтган Олимпия ўйинлари тарихига назар ташласак, «Атланта-1996» XXVI ёзги Олимпия ўйинларида боксчи Тимур Ибрагимов, «Сидней-2000» XXVII ёзги Олимпия ўйинларида боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаев, «Афина-2004» XXVIII ёзги Олимпия ўйинларида Абдулло Тангриев, «Пекин-2008» XXIX ёзги Олимпия ўйинларида боксчи Дилшод Маҳмудов, «Лондон-2012» ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида боксчи Элшод Расулов, «Рио-2016» XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Баҳодир Жалолов ва «Токио-2020» XXXII ёзги Олимпия ўйинларида Баҳодир Жалолов ва Нигора Турсунқулова Ўзбекистон спорт делегацияси байроқдорлари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ХХХIII ёзги Олимпия ўйинлари 26 июль-11 август кунлари бўлиб ўтади.

Т. Рўзиев, ЎзА