Пойтахтимиздаги Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида Франциянинг Париж шаҳрида июль-август ойларида бўлиб ўтадиган ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган  ислоҳотлар инсон манфаатлари, халқимизнинг эзгу орзу-истаклари рўёбига хизмат қилаётгани таъкидланди. Айниқса, Президентимиз томонидан ёш авлодни жисмоний ва маънавий етук, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилаётган доимий эътибор ўз самараларини бераётгани алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, спортчиларимизнинг жаҳон ареналарида қўлга киритаётган ғалабалари, давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилаётгани қалбимизга фахр-ифтихор бағишлайди. Ҳеч бир соҳа мамлакатни спортчалик дунёга тез танита олмайди. Буни Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юксак ғалабаларни қўлга киритаётган матонатли спортчиларимиз фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти О.Умаров, Давлат хавфсизлик хизмати раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раиси А.Азизов, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов ва бошқа расмийлар иштирок этди.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлашда спортнинг ўрни беқиёслиги, юртимизда жисмоний тарбия ва спорт йилдан-йилга ривожланиб янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 26 июль – 11 август кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига спортчиларнинг ҳар томонлама тайёрлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун барча шароит яратиб берилгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари йигит-қизларимизни турнир давомида ҳам қўллаб-қувватлаб туришлари маълум қилинди.

Спортчилар номидан сўзга чиққан дзюдо бўйича жаҳон чемпиони Музаффарбек Тўрабоев, бокс бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистоннинг биринчи жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова Олимпия ўйинларидан юксак ғалабалар билан қайтишга ваъда берди. Бу ғалаба мустақиллигимизнинг 33 йиллигига муносиб  туҳфа бўлишини таъкидлашди.

Тадбирда “Париж – 2024” Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига давлат томонидан бериладиган мукофот пуллари миқдори маълум қилинди. Жумладан, Олимпиада чемпионлари 200 минг, кумуш медаль соҳиблари 100 минг, бронза медаль совриндорлари 50 минг АҚШ доллари  билан тақдирланади.

Айтиш лозимки, 2020 йилда ўтказилган Токио Олимпиадасида 67 нафар спортчимиз иштирок этган эди. Жорий йилги “Париж – 2024” ўйинларида 70 нафардан зиёд спортчи қатнашади. Эътиборлиси, футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси биринчи марта иштирок этмоқда. Бундан ташқари спортчиларимиз дзюдо, бокс, академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, сузиш, таэквондо (WTF), ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби спорт турлари бўйича мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишади. Улар орасида нуфузли мусобақалар, жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда илк маротаба иштирок этадиган ёш спортчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

– Токиода ўтган Олимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритган эдим, – дейди дзюдо бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори Давлат Бобонов. – Президентимиз мени “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирлади. Бу йилги Олимпиадада албатта олтин медални қўлга киритаман. Халқимизнинг ишончини оқлаш учун бор куч-ғайратимни сарфлайман.

– Бу галги Олимпиадада иккинчи олтин медалимни қўлга киритиб, ёруғ юз билан қайтишни мақсад қилдим, – дейди бокс бўйича жаҳон ва қитъа чемпиони, Осиё ва Олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов. – Давлатимиз томонидан бизга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликка жавобан Олимпия ўйинларида юксак натижаларга эришиш учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз.

Тадбирда Ўзбекистон спорт делегациясининг “Париж – 2024” ёзги Олимпия ўйинларидаги расмий ва спорт либослари намойиш этилди.

Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов дуога қўл очиб, Парижга йўл олаётган делегациямиз вакилларига оқ йўл ва омад тилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири, таниқли шоир Нодир Жонузоқнинг спортчиларимиз шарафига бағишлаб ёзган шеъри барчага манзур бўлди.

 ОҚ ЙЎЛ

Чақмоқ каби чақнадингиз, тошдингиз-ку мисли сел,

Марди майдон курашдир бу – тушаяпсиз боғлаб бел,

Дуо билан кузатмоқда сизни бугун катта эл,

Зўрлар ичра энг зўр бўлиб, масрур, ғолиб қайтингиз,

Шода-шода медалларни юртга олиб қайтингиз.

Чил берсам, дер ҳар элатнинг эпчил-чаққон, қувлари,

Қувват бўлгай сизга Ватан тафти, ҳаво, сувлари,

Эй, элимнинг шердай йигит, кийикдай сулувлари,

Шоҳсупага сакраб чиқиб, бахтдан ёниб қайтингиз,

Шода-шода медалларни юртга олиб қайтингиз.

Бошингизда ялов бўлсин Ўзбекистон байроғи,

Мадҳиямиз мавжларига тўлсин Ернинг ҳар ёғи,

Саодатдан мижжангизга томчи ёш қалққан чоғи –

Толе, иқбол шарбатига қониб-қониб қайтингиз,

Шода-шода медалларни юртга олиб қайтингиз.

Дилбандим дер сизни суйиб олим, ишчи, чўпон ҳам,

Тикилгайдир сизга атаб шойи, зарҳал чопон ҳам…

Қойил, десин, олқишласин фаранг, олмон, ёпон ҳам,

Рақибларнинг дилларига армон солиб қайтингиз,

Шода-шода медалларни юртга олиб қайтингиз.

Эй, Сиз – Олимп чўққисига чилвир отган баҳодир,

Суянчиқдир ортингизда ҳар қадрдон тоғ, адир,

Танангизда мард боболар тоза қони оқадир,

Неки ғирром, неки эгри бўлса – тониб қайтингиз,

Шода-шода медалларни юртга олиб қайтингиз.

Олтин, кумуш ҳарфлар ила ёзилгайдир бул сана –

Сиз туфайли ҳар бир уйда бўлса тўю тантана.

Юртбошининг ишончини, меҳрини оқлаб яна,

Қувонтириб бутун халқни ҳам қувониб қайтингиз,

Шода-шода медалларни юртга олиб қайтингиз!

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

ЎзА