Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан “Лидерлар ҳафталиги” семинар-тренинги ташкил этилди.

Мазкур ҳафталикдан кўзланган мақсад умумтаълим мактаблари директорлари учун узоқ муддатли стратегия ва устувор вазифаларни белгилаш, жамоада соғлом муҳит яратиш, самарали таълим тамойиллари ҳамда лидерлик кўникмаларини ривожлантиришдан иборат бўлди.

Тренинглар Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаб директорлари ҳамда маъмурий-бошқарув ходимлари томонидан ўтказилди.

Унда агентлик тизимидаги мактабларнинг 130 нафар раҳбар кадрлари иштирок этди. Мазкур тадбир раҳбар кадрларда лидерлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган биринчи ўқув-семинари ҳисобланади.

Тренинглардан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан таълим соҳасини такомиллаштириш ва унинг сифатини давр билан ҳамқадам йўлга қўйиш борасидаги ғояларни мактаб директорлари орқали педагог-кадрлар ва ўқувчиларга етказишдек мақсадлар кўзланган. Бунда таълимдаги барча янгиликлар, ижобий ўзгаришлар энг чекка ҳудудларни ҳам ўзида қамраб олиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда таълим сифатини ошириш, мактабларда соғлом муҳитни яратиш, бола хавфсизлигига устуворлик бериш, илғор педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш, самарали баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, шаффофликни таъминлаш масалалари долзарб ҳисобланади.

Шу билан бирга, сифатли тизимни йўлга қўйишда ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўқув-семинари давомида республикадаги барча мактаблар директорлари учун тайёрланаётган дастур муҳокама қилиниб, амалиётда синаб кўрилди.

 

ЎзА