24 январь куни Халқаро Таълим куни муносабати билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш видеомурожаат йўллади. БМТ Бош котиби мурожаатида таълим олиш инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Таълим – бу жамият, иқтисодиёт ва ҳар бир киши салоҳиятининг асоси ҳисобланади, бироқ зарур инвестиция жалб қилинмагани боис, ушбу салоҳият юзага чиқмай қолмоқда. «Мени ҳар доим кўплаб ҳукуматлар олиб бораётган сиёсатда ва халқаро ҳамкорликка доир ҳужжатларда таълим соҳасига жуда кам эътибор қаратилиши таажжублантиради”, – дейди БМТ раҳбари. “Халқаро Таълим куни мавзуси бу йил инвестиция жалб қилишда таълимга устуворлик берилиши зарурлигини яна бир бор эслатади”, деган у ўз мурожаатида.
Гутерришнинг таъкидлашича, инвестициялар БМТнинг барқарор тараққиёт соҳасидаги 4 та мақсадга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ўтган йили таълимни трансформация қилиш бўйича бўлиб ўтган саммитда таълим тизими концепциясини қайта кўриб чиқиш учун бутун дунёдан вакиллар тўпланганди. Янгиланган концепциядаги ўзгаришлар ҳар бир таълим олаётган шахснинг муваффақиятга эришиши учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни олиш имкониятига эга бўлишига қаратилган.
БМТ бош котибининг таъкидлашича, 130 дан ортиқ мамлакат умумий сифатли таълимни давлат сиёсатининг марказига айлантиришга ваъда қилишганди. «Таълимни зарур бўлган инвестиция билан таъминлаш ва соҳани молиялаштириш бўйича халқаро жамғарма ташкил этишга чақириқ ички ва халқаро молиялаштиришларга янги туртки берди», – деб ҳисобламоқда Антониу Гутерриш.
Унинг айтишича, саммит иштирокчилари қизларнинг таълим олиши, таълим бериш усулларини трансформациялаш, соҳага рақамли воситаларни кенг қўллаш ҳамда экологик таълим тизимини жорий қилиш каби қатор глобал ташаббусларни ишга туширди. «Хуллас, саммитда аниқ чоралар кўриш бўйича мамлакатлар ўз зиммасига олган вазифаларни ҳаётга жорий қилиш вақти келди», – дея қўшимча қилади БМТ раҳбари.
Бундан ташқари, Гутерришнинг таъкидлашича, таълим олиш имкониятини чекловчи қонунларга барҳам бериш вақти келди. Шу мақсадда у Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини қизларнинг ўрта ва олий таълим олишини тақиқловчи самарасиз қарорларни бекор қилишга чақирган.
Антониу Гутерриш ўз мурожаатида мамлакатларни 2023 ва 2024 йилларда бўлиб ўтадиган Барқарор тараққиёт бўйича саммитга ҳамда Келажак саммитига муносиб тайёргарлик кўришга чақирган. «Энг аввало мен фуқаролик жамиятларини ҳамда ёшларни келгусида ҳам сифатли таълим олишга қаратилган самарали инвестицияларни кўпайтиришни талаб қилишга чақираман», – дейди у.
БМТ раҳбари мурожаатнома сўнггида “тенг ҳуқуқли жамият, иқтисодий юксалиш ва дунёда барча таълим олаётганларнинг чексиз орзуларини” қўллаб-қувватлайдиган тизимни яратишга зарурат борлигига ишончи комил эканини таъкидлаган.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА