Жорий йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Газпром” компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилди ва унда Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилинди.
Имзоланган “Йўл харита”га мувофиқ томонлар ўртасида тузилган Ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирлар ва ўрганишни келишиб олди.
Ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг, табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади.
Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда “Йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ.
Келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилади.
ЎзА