Бразилияда ўтаётган 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 5-турида ҳамюртларимиз Афрўза Ҳамдамова, Нилуфар Имомқўзиева ва Жавоҳир Бозоров ғалабага эришди.
Чемпионатнинг ўтган 4-турида Афрўза Ҳамдамова қора доналарда парагвайлик Майерггер Гонсалесни мағлубиятга учратганди. Жавоҳир Бозоров германиялик Даниэл Нуньес Грегурга қимкониятни бой берди. Нилуфар Имомқўзиева эса қора доналарда арманистонлик Сона Кркьяшарянни таслим этиб, ғолиблик йўлидаги курашни мардонавор давом эттиришга муваффақ бўлганди.
Бугун тунда поёнига етган 5-тур ўйинларида 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Афрўза Ҳамдамова оқ доналарда германиялик Харис Пеглау билан куч синашди. Муросасиз ўтган ўйиннинг 62-юриш ҳолатида ҳамюртимиз рақибини мот ҳолатига келтирганлиги ойдинлашди.
Терма жамоамиз аъзоси Жавоҳир Бозоров 14 ёшгача бўлган ўғил болалар мусобақасида оқ доналарда бразилиялик Пьетро Зотисни, ушбу ёш тоифасининг қизлар мусобақасида иштирок этаётган Нилуфар Имомқўзиева мўғулистонлик Гуранбаатар Урангоо билан куч синашиб, ғалабага эришди.
6-тур баҳсларида Афрўза Ҳамдамова қора доналарда аргентиналик Эрнестина Адам билан, Нилуфар Имомқўзиева оқ доналарда польшалик Виктория Сметанская билан, Жавоҳир Бозоров қора доналарда Франция вакили Виржил Брайл билан баҳс олиб боради.
Жаҳон чемпионатининг 6-тур ўйинлари бошланиши остонасида Афрўза Ҳамдамова ва бугунги рақиби Эрнестина Адам 4,5 очко билан чемпионликка асосий даъвогар бўлиб турган бўлса, уларга рақобат кўрсатаётган 7 нафар шахматчи қиз 4, 6 нафари 3,5, 12 нафари 3 очкога эга бўлиб турибди.
14 ёшли қизлар ўртасидаги баҳсларда ўзига хос натижа кўрсатиб келаётган ҳамюртимиз Нилуфар Имомқўзиева 4,5 очко билан 95 нафар иштирокчи орасида 3-ўринда бормоқда. Ундан олдинда бораётган икки нафар шахматчи қиз 5 очко жамғаришга муваффақ бўлган. Ҳамюртимиздан кейинги қаторларда жойлашган 8 нафар шахматчи 4, 13 нафари 3,5 очкога эга.
Жавоҳир Бозоровнинг бугунги ғалабаси унинг очколари сонини 3 тага етишига олиб келди. Унинг ёш гуруҳида 2 нафар шахматчи 5, 12 нафари 4, 11 нафари 3,5, 22 нафари 3 очкони қўлга киритишга эришган. Ушбу ёш тоифасида 118 нафар иштирокчи борлигини назарда тутсак, Бозоровнинг 3 очко билан 44-поғонада бораётгани ёмон кўрсаткич эмас, албатта.
Айтиш лозим, 11 турдан иборат жаҳон чемпионатининг деярли тенг ярми ортда қолди. Ёш тоифаларида кимлар ғолибликка асосий даъвогар бўлиши деярли аниқ. Аммо ўтказиладиган яна 6 та тур ўйинлари ғолиблик йўлидаги асосий курашлар ҳали олдинда эканлигини англатмоқда.
Лекин шу ўринда таъкидламоқ керакки, Афрўза Ҳамдамова ва Нилуфар Имомқўзиеванинг ўз гуруҳларида етакчилар қаторида бораётгани, Жавоҳир Бозоров тенгдошлари орасида 3 очко жамғаришга эришгани ўзбек шахматчиларининг халқаро майдонда муносиб ўрни борлигидан, маҳоратли шахматчиларимизнинг муносиб издошлари етишиб келаётганидан далолатдир.
Эслатиб ўтамиз, 11 турдан иборат жаҳон чемпионати мусобақалари 10 ноябрга қадар давом этади. Мусобақаларда 62 та давлатнинг 527 нафар шахматчиси қатнашмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА