Кувайт Вазирлар Маҳкамаси раиси Аҳмад Наваф ал-Аҳмад ас-Сабоҳ душанба куни ҳукуматнинг истеъфо бериши тўғрисидаги аризани Валиаҳд шаҳзода Машъал ал-Аҳмад ас-Сабоҳга топширганини маълум қилди. Бу ҳақда “KUNA” давлат агентлиги хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, бундай қарор ҳукумат йиғилишида қабул қилинган.
Аввалроқ “Al Anba” газетаси мамлакат Миллий ассамблеяси (парламент) билан муносабатлардаги навбатдаги инқироз туфайли Вазирлар Маҳкамаси томонидан бундай ариза бериши эҳтимоли борлиги ҳақида хабар берган эди. Бу сафар ҳукуматнинг кредитлар бўйича ҳисоботлари билан боғлиқ келишмовчилик келиб чиққан.
Кувайтда кўп йилдан буён сайланадиган парламент ва Амир томонидан тайинланадиган ҳукумат ўртасидаги зиддият тўхтамаяпти. Шу сабабдан 2022 йил 29 сентябрда Миллий мажлисга сайловлар ўтказилган эди. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамаси истеъфо берган эди. Амалдаги ҳукуматни шакллантириш 16 октябрда якунланган эди.
ЎзА