Мадриддаги Ифема савдо ва кўргазма марказида “FITUR-2023” 43-халқаро туризм кўргазмаси очилди.

Испанияга борган Ўзбекистон делегацияси таркибида Маданият ва туризм вазирлиги, “Mиллий пиар маркази” DUK, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ, шунингдек мамлакатимиздаги “Uzbekistan Discovery”, «El Mundo Tour», «Orient Voyages”, “Orient star group” каби сайёҳлик компаниялари иштирок этмоқда.

Қайд этиш жоиз, “FITUR-2023” очилиши арафасида Испаниядаги элчихонамиз “ACIR” (Испания) Евроосиё бизнес альянси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – Испания: сармоявий имконият” мавзусида семинар ташкил қилинди. Мадрид бизнес-форуми офисида ўтган мазкур тадбир экспертлар, таҳлилчилар ва ишбилармон доиралар ҳамда Испания оммавий ахборот воситалари вакилларини бир жойга тўплади.

Кўргазмага ташриф буюрган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош котиби Зураб Пололикашвили миллий стендимиз билан танишди. У Марказий Осиё юраги бўлган мамлакатимизда туризм жадал ривожланаётганини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир доирасида республикамиз туристик ва маданий мероси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Кўргазма давомида ўзбекистонлик туроператорлар ва испан компаниялари ўртасида янги алоқалар ўрнатиш, қўшма турлар ташкил этиш бўйича шартномалар тузиш режалаштирилмоқда. “FITUR-2023” 43-халқаро туризм кўргазмаси 22 январгача давом этади.

Ҳар йили ўтказиладиган ушбу кўргазмада туризм индустриясининг барча қатлами вакиллари – туроператорлар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар вакиллари, ташувчилар, туристик офислар, хизмат кўрсатувчи компаниялар қатнашади. Ўзбекистон мазкур халқаро анжуманда 2005 йилдан буён қатнашиб келмоқда.

ЎзА