Япония пойтахти маъмурияти маълумотига кўра, бу сафар Токиода яшовчи ва яқин орада хорижий мамлакатга чиқмаган яна бир эркакда маймун чечаги касали аниқланди. Бу кун чиқар юртдаги тўққизинчи шундай ҳолат.

Хабарга кўра, Токиода яшовчи 30-40 ёш оралиғидаги эркак 16 январь куни тошма, иситма ва умумий безовталик шикояти билан шифохонага ётқизилган. Ҳозир унинг аҳволи барқарор. Мутахассислар айни дам инфекция юқиши сабабини аниқлашга ҳаракат қилишяпти.

Қайд этилишича, маймун похи одамлар орасида учрайдиган, камдан-кам учрайдиган вирусли инфекция. Одатда енгил кечадиган бундай ҳолатда кўпчилик бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади, фақат баъзи инсонларда асорат пайдо бўлиши мумкин. Маймун чечагининг дастлабки белгилари иситма, бош, мушак, бел оғриғи, лимфа тугуни шишиши, титроқ ва чарчоқ ҳисобланади. Кўпинча юздан бошланадиган ва кейин тананинг бошқа қисмларига тарқаладиган тошма пайдо бўлиши мумкин. Тошма ўзгаради ва охир-оқибат қора қўтир ҳосил бўлишидан олдин турли босқичдан ўтади, кейинчалик тошма йўқолади.

Ўтган йил июль ойида ЖССТ ушбу эпидемияни халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат, деб эълон қилди ва эпидемия Европадан ташқари дунёнинг барча минтақалари учун ўртача хавф туғдиришини таъкидлади. Ташкилот маймун чечагига қарши оммавий эмлашни тавсия этмайди ва мавжуд вакциналар қай даражада самарали эканлиги ҳақида ҳали маълумотга эга эмас.

Ҳозир 110 мамлакатда маймун чечаги билан хасталаниш ҳолати кузатилган.

ЎзА