Ўзбекистон халқ артисти, цирк устаси Ҳаким Зарипов 99 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.

Ўзбек цирк санъатининг моҳир чавандози сифатида ном қозонган Ҳаким Зарипов 1924 йилнинг 17 сентябрида Тошкент шаҳрида  Карим (Карим қизиқ)  Зариповдек машҳур цирк артисти сулоласида таваллуд топган эди.

Устоз санъаткор 1947 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган.

Ҳаким Зарипов ўз меҳнат фаолиятини 1942 йилда «Ўзбек давлат цирки» республика бирлашмасида чавандоз сифатида бошлаган эди.  Цирк санъати сирларини ёшларга ўргатиб, ярим асрдан зиёд жаҳон аренасида томоша кўрсатиб келаётган Зариповлар сулоласи вакилларидан бири сифатида машҳур эди.

Ҳаким Зарипов умр бўйи цирк манежида яшади, десак муболаға бўлмайди. 1946 – 1997 йиллар давомида цирк санъатининг устаси, иқтидорли чавандози, ҳайвон ўргатувчиси, цирк артисти, кино актёри, каскадёр сифатида жаҳон цирки тарихидан муносиб ўрин эгаллади.

Ҳаким Зарипов ўзбек цирки санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаётган уста, бадиий ва ижодий гуруҳ раҳбари, отасининг ишини муносиб давом эттирган санъаткор эди. Ҳаким Зарипов «Ўзбекистон йигитлари» чавандозлик цирк гуруҳи билан бирга Болгария, Польша, Чехия, Словакия, Германия, Руминия, Монголия,  Венгрия, Финляндия каби давлатларда бўлиб ўтган ижодий сафарларда ўз дастурини намойиш этган эди.

У республика ва жаҳон миқёсида ўтказилган томошаларда қатнашиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган, бутун дунёга ўзбек циркини таништирган артист сифатида эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган меҳнат фахрийси ҳам эди.

Моҳир цирк ижрочиси Ҳаким Зарипов чавандозликнинг афсонавий устаси сифатида цирк санъати ихлосмандлари қалбида яшайверади.

 

ЎзА