Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати бош мутахассиси Обиджон Дилмуродов 17 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Таъкидланганидек, 17 январь куни электр станциялари орқали 223 миллион 600 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Республика истеъмолчиларига 225,5 миллион киловатт соат электр энергияси етказиб берилди.

–Газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга 140 миллион 500 минг метр куб табиий газ ва 2 минг 300 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Истеъмолчиларни кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 6 минг 800 тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди. Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда штаблар тузилган, 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.

Шунингдек, республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келган носозликлар бартараф этилмоқда. Тошкент шаҳрида электр қурилмаларда юзага келган 240 та носозлик, хусусан, 42 та трансформатор ва 94 та электр узатиш тармоғидаги нуқсонлар бартараф этилди.

Зарур чора сифатида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида чекловлар (бир ярим соатдан икки соатгача) киритилди. Таъминотдаги узилишлар бўйича истеъмолчилардан 1 минг 205 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар юзасидан электр қурилмаларида юзага келаётган носозликлар махсус бригадалар томонидан бартараф этилмоқда.

Табиий ва суюлтирилган газ бўйича истеъмолчилардан 755 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.

Газ тармоқларида авариялар туфайли таъмирлаш ишлари истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантирган ҳолда амалга оширилди. Шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотларининг масъул ходимлари ҳудудларга сафарбар этилган, истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда, – деди О.Дилмуродов.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,  

ЎзА