Сингапурда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу давлатга ташрифи тафсилоти кенг ёритилмоқда.

Жануби-Шарқий Осиёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, хусусан, инглиз тилидаги «The Business Times» ва «The Straits Times» газеталари, шунингдек, малай тилидаги «Berita Harian» нашрида айни мавзуга оид туркум ахборотлар эълон қилинди.

Мақола ва таҳлилий шарҳларда бу воқеа икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда қўшма дастур ҳамда лойиҳалар амалга оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этишига ишонч билдирилган.

Сингапур ОАВ материалларида республикамизнинг иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилган.

«The Business Times» газетасида чоп этилган «Янги Ўзбекистон: иқтисодий ўсиш йўлидаги ислоҳотлар» сарлавҳали мақолада Ўзбекистон табиий ресурсларга бой, минтақадаги аҳолиси энг кўп давлат экани қайд этилган. Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига қаратилган стратегия доирасида қатор таркибий ислоҳотлар амалга оширилди.

– 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида иқтисодиётнинг барча тармоқларида барқарор ўсиш суръатини таъминлаш орқали келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 1,6 баробар, 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг долларгача етказиш кўзда тутилган, – дея урғуланади мазкур мақолада. – Бу мамлакат ўртадан юқори даромадли давлатга айланиши учун зарур шарт-шароит яратади. Шу давр мобайнида транспорт, таълим, «яшил иқтисодиёт» ва энергетика соҳаларига эътибор қаратган ҳолда, миллий иқтисодиётга 120 миллиард доллар сармоя жалб этиш мақсад қилинган.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон инфратузилмани ривожлантириш ва молиявий ислоҳот бўйича Марказий Осиёда хорижий инвестиция учун намуна бўлмоқда. Бу юртда бозор муносабатига асосланган улкан иқтисодий ислоҳот ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ишбилармонлик шароитини, сармоявий муҳитни яхшилаб, бизнесни рағбатлантирувчи омил бўлмоқда.

«The Straits Times» газетасида эълон қилинган «Янги Ўзбекистон сиёсатининг халқаро эътирофи» сарлавҳали мақолада тараққиёт стратегиясида белгиланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия соҳасидаги устувор йўналишлар сифатида Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатини мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни тиклаш, ушбу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирознинг олдини олиш, йирик минтақалараро транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, дунёнинг барча минтақаларидаги ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали алоқани кенгайтириш, шунингдек, халқаро институтлар ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитиш этиб белгилангани қайд этилган.

– Бугун жаҳон ҳамжамияти Янги Ўзбекистонни барқарор, жадал ривожланаётган демократик ўзгаришлар, улкан имкониятлар ва амалий ишлар мамлакати, деб билади, – деб ёзмоқда Сингапур ОАВ. – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари эътирофига кўра, ўз йўлидан бориш ҳуқуқини изчил ҳимоя қилаётган, давлат, минтақа ҳамда бутун дунёни барқарор ривожлантиришга улкан ҳисса қўшаётган замонамизнинг йирик сиёсий арбобларидан биридир.

«Жаҳон ҳамжамияти Шавкат Мирзиёевни нафақат Янги Ўзбекистон қурилишини устувор мақсад қилиб қўйган бош меъмор, балки Марказий Осиё миқёсида янгича глобал муносабатни шакллантириш ташаббускори сифатида эътироф этади», дея таъкидланади мақолада.

«The Straits Times» газетаси саҳифасида босилиб чиққан бошқа бир мақола Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасига бағишланиб, давлатимиз раҳбари ўтган йилни сарҳисоб қилиб, 2023 йил амалга ошириладиган сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаганига эътибор берган. Алоҳида қайд этилганидек, 2023 йил ислоҳотларни амалга оширишда бурилиш йили бўлиши керак – вазифалар энг мураккаб муаммоларни ҳал этиш ва дадил ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган.

ЎзА