Пойтахтимизда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, атоқли журналист ва публицист Шароф Убайдуллаев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида журналист Шароф Убайдуллаев ҳаёти, ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳа намойиш этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев ва бошқалар бугунги янгиланиш жараёнларида турли соҳалар равнақига ҳисса қўшган ҳамюртларимизни эъзозлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлашга устувор эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев фарзандлар, ёш авлод тарбиясида ёши улуғ инсонлар, нуронийларимизнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш зарурлигини доимий таъкидлайди.

Миллий журналистикамиз, айниқса, босма журналистика соҳасида катта ва машаққатли йўлни босиб ўтган Шароф Убайдуллаев адолатли ижодкор бўлиши билан бирга, доим халқимиз муаммоларини дадил кўтариб чиққан журналистдир. Ижодкор «Тошкент оқшоми» ва «Вечерний Ташкент» газеталари, «Ўзбекистон овози» таҳририятида бош муҳаррир сифатида самарали меҳнат қилган. Кўплаб хорижий давлатларнинг етакчи давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи ва шоирлари, мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги, илм ва маърифат, маданият соҳалари ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли инсонлар ҳақидаги залворли суҳбатлар, интервьюлар, публицистик мақолалар, халқимизни ўйлантираётган муаммоларнинг илдизини дадил очиб бериш, уларнинг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириш Шароф Убайдуллаев ижодида муҳим аҳамият касб этади.

Тажрибали журналист бугунги кунда ҳам юртимизнинг ижтимоий ҳаётида фаолдир. Маҳаллалар, нуронийлар ҳаётини ўрганиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида «Уч авлод учрашувлари», турли мулоқотлар, маърифий тадбирларнинг ўтказилишида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, 2021 йилда Шароф Убайдуллаев «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.


Назокат Усмонова, ЎзА