Глобал экологик жамғармаси томонидан “Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзул ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлар ва қирғоқбўйи ҳудудларни сақлаш ҳамда бошқариш” лойиҳасини амалга ошириш қўллаб-қувватланди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллион 552 минг 968 АҚШ доллари бўлиб, 5 йил муддатга режалаштирилган.

– Лойиҳани амалга оширишдан асосий мақсад, Оролбўйи минтақаларида тупроқ деградациясининг олдини олиш, қайта тиклаш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш, табиий ландшафтларни сақлаш, ер ва ерлардан самарали фойдаланиш асосида экотизим барқарорлигига эришишдан иборат, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот котиби Улбосин Мирзаназарова. – Мазкур лойиҳа Оролбўйи ҳудудларида тупроқ таназзулининг олдини олиш ва тиклаш, табиий ландшафтларни сақлаб қолиш, ер ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш асосида экотизим барқарорлигига эришишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан лойиҳа учун 270 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратилди.  Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида лойиҳани амалга ошириш бўйича кўмак кўрсатиш хизматлари келишуви имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Глобал экологик жамғармаси иштирокида “Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзул ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлар ва қирғоқбўйи ҳудудларни сақлаш ҳамда бошқариш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан тегишли вазирликлар, идоралар билан биргаликда лойиҳанинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.


Довуд Абибуллаев, ЎзА