Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаевнинг тадбиркорлар учун навбатдаги оммавий қабули бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда кичик бизнесни ривожлантириш, тадбиркорларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳудудда мавжуд ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорларга кўрсатиладиган молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш, инфратузилмавий шарт-шароитларни яратиб бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтказилган қабул ушбу эзгу ишларнинг узвий давоми бўлиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этишга йўналтирилди.

Жумладан, қабулда 81 нафар тадбиркорнинг фаолиятида учраётган муаммолар юзасидан 87 та мүрожаат келиб тушди. Уларни асосан молиялаштириш, кредит ажратиш, айрим бюрократик тўсиқлар, транспорт, логистика, ишлаб чиқаришни кенгайтириш йўналишидаги мурожаатлар ташкил этади. Ҳар бир мурожаат мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди. Вақт ва муддат талаб этиладиган мурожаатлар Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан шахсий назоратига олиниб, тез фурсатда ижобий ҳал этиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқ берилди.

Нукус туманилик Ойимхон Сапаровага тадбиркорлик фаолияти кўламини кенгайтириш учун зарур бўлган 15 гектар ер майдони ажратиладиган бўлди. Улбосин Ўрозбоеванинг олган кредит маблағини тўлашда учраётган муаммолар эвазига вақтинчалик имтиёз бериш бўйича мурожаатига асос муддати 6 ойгача узайтирилди. Шунингдек, Темирбек Бердишевнинг тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришни сўраб билдирган мурожаати юзасидан ўзи хоҳлаган жойдан  ер майдони  аукционга қўйиладиган бўлди.

Оммавий қабулга ташриф буюрган тадбиркорларнинг мурожаати эътиборга олиниб, уларни қонун доирасида ҳал этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, янги иш ўрнини яратаман деган тадбиркорнинг  ташаббуси қўллаб-қувватланиши билдирилди.

Шу куни аксарият мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА