Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.

Жумладан, «Молиявий истеъмол кредитини ажратиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан «Истеъмол кредити тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, амалдаги қонунчиликка биноан, фақат республикамизда ишлаб чиқарилган ва юридик шахслар томонидан сотиладиган истеъмол товарлари (хизматлари)ни сотиб олиш учунгина молиявий истеъмол кредити бериш талаби мавжуд. Бу аҳолининг ўз ҳисобидан кредит эвазига харид қиладиган маҳсулотини танлаш имкониятини камайтириши билан бирга, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига ҳам олиб келаётган эди. Мазкур қонун лойиҳаси билан «Истеъмол кредити тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотиладиган товарлар (хизматлар), шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишлаб чиқарилган товарлар (хизматлар)учун молиявий истеъмол кредитлари бериш имкониятини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Фракция аъзоларининг фикрича, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши молиявий истеъмол кредитлари бериш тартибини такомиллаштириш ва соддалаштириш, аҳолининг таълим олиш, меҳнат қилиш ва турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилади. Депутатлар қонун лойиҳасининг бугунги кундаги зарурати ва аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, уни янада такомиллаштириш, маромига етказиш бўйича бир қатор таклифларни билдирди.

Шунингдек, йиғилишда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига банклар устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич оширишга қаратилган ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Унга кўра, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига банк устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич беш юз миллиард сўмгача ошириш юзасидан тегишли қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Киритилаётган ўзгартиришлар аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг банкларга омонат(депозит) жойлаштиришни рағбатлантиради, тижорий ва бошқа кредитларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, банк хизматлари ҳажмининг ошишига ёрдам беради.

ЎзЛиДеП молиявий бозорнинг барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган мўътадил қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, банк тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва барқарорлигини, банклар капитализациясини ва депозит базаси даражасини таъминлаш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш тарафдори. Депутатларнинг айтишича, партия учун банк секторида ислоҳотларни чуқурлаштиришдан кўзланган энг муҳим мақсад – аҳолининг банк тизимига ишончини ошириш, жамғармаларни ва уларнинг инвестицияларга ўтказилишини рағбатлантиришдир.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши иқтисодиётни таркибий ўзгартириш жараёнларида уларнинг иштирокини кенгайтиришга, шунингдек, банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали банк секторига стратегик хорижий инвесторларни жалб қилишга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.


М.Комилова, ЎзА