Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, эҳтиром кўрсатилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши раҳбарияти, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура, Чегара қўшинлари, Давлат божхона бошқармаси, кенг жамоатчилик вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари ва ёшлар иштирок этди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!» шиори остида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбоев сўзга чиқиб, барчани Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги билан муборакбод этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 декабрь кунги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш борасида Оролбўйида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида қайд этилганидек, ҳеч шубҳасиз, мард ва олижаноб халқимиз ўзининг муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ бўлиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф билан адо этаётган сизлар каби забардаст фарзандлари – баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан ҳақли равишда фахрланади.

Мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда Ватан ҳимоячиларининг хизмати беқиёсдир. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилишга, жумладан уларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар бериш, ҳарбийларнинг турмуш ўртоқларини ишга жойлаштиришга эътибор берилмоқда.

Тадбирда байрам муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи тақдирланди.

Тадбирда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА