Халқаро бокс ассоциацияси 2028 йилгача бўлган тўрт йиллик спорт тақвими давомида ўтказиладиган мусобақаларнинг тўлиқ жадвалини ҳамда уларга сарфланадиган мукофот пуллари миқдорини эълон қилди.

Унга кўра, тўрт йиллик спорт цикли давомида мукофот пуллари учун 80 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфланиши белгиланмоқда. Унда Ўзбек боксчиларининг улуши қанчалик бўлиши нуфузли мусобақаларга кўрилаётган тайёргарлик, мураббийлар томонидан олиб борилаётган техник-тактик машғулотлар, ишлаб чиқилган мақсадли кўрсаткичлар мундарижасига боғлиқ, албатта.

Аммо давлатимиз томонидан бокс спорт турига кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар ушбу мукофотларда енгилмас боксчиларимизнинг муносиб ҳақи бўлиши лозимлигини билдиради.

Бевосита Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтган IBA Директорлар кенгаши йиғилишига тўхталсак. Йиғилишдаги муҳокамалар асосида кенгаш қарорига кўра, эркаклар ва аёллар ўртасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир марта спортчилар ва мураббийларга бериладиган муҳим совринлар билан ўтказилиши белгиланди.

Эркаклар ўртасидаги турнирларнинг мукофот жамғармаси ҳар бир мусобақа учун 10,4 миллион долларни, аёллар учун 4,8 миллион долларни ташкил қилади.

Айтиш лозим, бокс бўйича аёллар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионати Қозоғистоннинг Остона шаҳрида жорий йилнинг 21 сентябрь – 6 октябрь кунлари ўтказилса, эркаклар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионати 2025 йилнинг апрель ойида ташкил этилиши режалаштирилган.

Анжуманда қатнашган делегатлар фикри ва йиғилиш қарорига биноан, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳар йили ўтказиладиган тадбирга айланади. Шунингдек, ҳар йили мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларидан иборат ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари уюштирилишига қарор қилинди. Халқаро бокс ассоциациясининг энг яхши профессионал тадбири бўлган «IBA Чемпионлар оқшоми» дунёнинг барча бурчакларида йиллик мукофот жамғармаси 7 миллион АҚШ долларидан иборат тарзда давом эттирилиши назарда тутилмоқда.

2028 йилгача бўлган тўрт йиллик спорт тақвимига асосан бокс бўйича ўтказиладиган қитъа чемпионатлари ҳар бир қитъада 1 миллион долларгача бўлган мукофот жамғармасидан иборат бўлишига қарор қилинди.

Яна бир ўзига хос янгилик. Энди бокс бўйича жамоалар ўртасида ҳам жаҳон чемпионати ўтказилади. Мадрид анжуманида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган янги лойиҳа бокс бўйича жамоавий жаҳон чемпионати ўтказилиши белгиланди. Илк жаҳон чемпионати 2024 йилнинг декабрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ташкил этилади.

Таъкидламоқ керакки, бугунги кунда IBA тизимида ўтказиб келинаётган қитъа ва жаҳон чемпионатларида, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги нуфузли мусобақаларда Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Мужибилло Турсунов сингари маҳоратли боксчиларга эга мамлакатимиз чарм қўлқоп усталарининг ўз ўрни бор. Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси турли ёш тоифаларида дунёнинг энг кучли бокс жамоаларидан бири саналади.

Шу жиҳатдан, Халқаро бокс ассоциацияси томонидан эълон қилинган тўрт йиллик мусобақалар жадвали ва унинг теграсидаги тадбирларда Ўзбек боксчиларининг ўз ўрни бўлиши шубҳасиз.

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА