Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин душанба куни охирги беш йил ичида илк бор Европа бўйлаб сафарга чиқиб, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан учрашди. Мулоқотларнинг асосий мавзуси Россия – Украина зиддияти бўлган. Европа томони Хитой ўз иттифоқчиси Россияга таъсир ўтказиб, Украинадаги урушни тўхтатиши, Эрондан кириб келаётган қуролни тартибга солишидан умидворлигини билдирди.

Париждаги учрашув Владимир Путин ядровий қурол машғулотини бошлаш ҳақидаги буйруғини эълон қилган бир пайтда кечди. Кремль ушбу амалиёт Европа давлатлари сўнгги вақтда Украинани қизғин қўллаётгани билан боғлиқлигини айтган. Икки мамлакат раҳбари Олимпия ўйинлари даврида Ғазодаги вазиятни назарда тутган ҳолда, ўт очишни тўхтатиш зарурлиги ҳақида ҳам гаплашган.

Шунингдек, етакчилар ўзаро савдо муносабатини ҳам муҳокама қилгани маълум. Франция томони Хитой электромобилларига, расмий Пекин эса француз виноларига қизиқиш билдирмоқда.

Атлантика Кенгашининг “Global China Hub” директори ёрдамчиси Метт Герасим Цзиньпин Европага сафардан уч мақсадни кўзлаганига эътибор қаратган: Пекин Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлаши оқибатида бузилган Европа билан муносабатни тиклаш, ЕИнинг Хитойга нисбатан иқтисодий хавфсизлигини юмшатиш ва яқин ҳамкорлари – Сербия ва Венгрия билан алоқани янада мустаҳкамлаш.

Макрон сўнгги пайт қитъа хавфсизлиги бўйича ЕИ мамлакатлар орасида етакчига айланди. У хитойлик ҳамкасбидан Украина масаласида РФ Президенти Владимир Путин билан тил топишишга ҳаракат қилишни сўраган. Франция раҳбари фикрича, агар Россия Украина устидан ғалаба қозонса, Европа хавф остида қолади. Шунингдек, Молдова, Руминия, Польша, Литва сингари қўшни давлатлар ҳам таҳлика майдонига айланиши мумкин.

Макрон НАТО ва АҚШга таянишдан кўра, Европа ўз хавфсизлик чизмасини ривожлантириши зарурлиги ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда. Агар Россия фронт чизиғини ёриб ўтгач, Киев ёрдам сўраган тақдирда, Франция қўшинини Украина юборишга тайёрлигини такрорлади. Макрон Швейцария жорий йил июнь ойида ўтказишни режалаштирган тинчлик конференциясида Хитой фаол иштирок этишига умид билдирган. Кремль эса ушбу анжуманга таклифни рад этган.

– Жараёнга Хитойни жалб этишда давом этиш лозим, бу давлат Москва фикрини ўзгартириши учун энг кучли таъсир кўрсатадиган халқаро куч, – деб ёзган “Ле Монде” газетаси номи ошкор этилмаган дипломатик манбага таяниб.

ХХР Раиси Кремль билан яқин алоқадаги Сербия ва Венгрияга ҳам ташриф буюради. У 8 май куни Будапештда ЕИ таркибидаги Хитойга энг дўст давлат раҳбари Виктор Орбан билан учрашади. Сиёсати ЕИ аъзолари орасида хавотир уйғотаётган Венгрия Пекин ва Москвага сезиларли даражада яқинлашиб, Хитой билан хавфсизлик бўйича ҳамкорлик шартномасини ҳам имзолаган.

Шунингдек, 2015 йил “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига қўшилиб, ташаббуснинг бир қисмига айланди. Учрашув давомида Будапешт ва Белград ўртасида қурилаётган тез юрар темир йўл қурилиши муҳокама қилиниши мумкин.

Сардорбек Поёнов, Ёқубжон Мелибоев, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА