Европа Иттифоқи Россияга қарши қўлланаётган навбатдаги санкция чораси доирасида мамлакатнинг тўрт оммавий ахборот воситасига ЕИ доирасида фаолият олиб боришни тақиқлайди. Бу хабарни “Блумберг” тарқатган.
“Яна тўртта ОАВ учун тақиқ белгиланиши тўғрисидаги таклиф Иттифоқнинг барча 27 аъзоси томонидан қўллаб қувватланиши керак”, – дейилган агентлик ахборотида. Маълум бўлишича, Еврокомиссия раиси ўринбосари Вера Юрова ЕИ мамлакатнинг “РИА Новости”, “Известия”, “Газеталар” ва “Voice of Europe” нашрларига қарши чеклов қўйилишини айтган.
Таъкидлаш жоиз, сўнгги пайт Россия оммавий ахборот воситаларининг Ғарбдаги фаолияти тобора қийинлашмоқда. 2016 йил ноябрда Европарламент қабул қилган, Россия ОАВга қарши туриш зарурлиги қайд этилган резолюция билан асосий хавф сифатида “Sputnik” ва “RT” кўрсатилган.
Қатор ғарб сиёсатчилари, жумладан америкалик сенатор ва конгрессменлар ҳамда Франция Президенти ушбу нашрларни АҚШ ва Франция сайловига аралашишда айблаган, бироқ ҳеч қандай далил келтирмаган. Россия расмийлари эса бундай баёнотларни ҳақиқатдан узоқ, қуруқ гап, дея баҳолаган.
Хуллас, ЕИ Россияга қарши чора қўллаб, мамлакатнинг йирик оммавий ахборот воситаларининг Евроиттифоқ ҳудудидаги фаолиятини тақиқлай бошлади. Россия томони таъкидлашича, бундай қарорлар судга мурожаат қилинмасдан ёки ЕИга аъзо давлатлар медиа бозорини мувофиқлаштирувчи миллий идораларга мурожаат қилинмасдан чиқарилмоқда. Ҳатто, РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва Ғарб томонидан журналистлар, спортчилар, маданият вакилларига нисбатан санкция қўлланишини кутмаганди, дея баёнот берди. Қолаверса, РФ Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқи бўйича кенгаш раҳбари Валерий Фадеев рус тилида чиқадиган нашрларга нисбатан босим кучайгани сабабли, ЕХҲТга мурожаат қилиб, ОАВ эркинлиги масаласи бўйича вакил Тереза Рибейрани матбуотга тегишли меъёрларга амал қилиш чораларини кўришга чақирган.