Шу кунларда дунёнинг кўплаб давлатлари қатори мамлакатимиз спортчилари ҳам тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.
Тайёргарликнинг муҳим босқичи ўқув-машғулот йиғинлари бўлса, спортчиларда руҳий куч-қувватни мустаҳкамлаш, антидопинг қоидаларига амал қилиш кўникмасини шакллантириш “Париж-2024” мусобақаларида зарур натижаларга эришишнинг асосий омили саналади.
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида “Париж-2024” Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритган спортчилар ва мураббийлар учун ташкил этилган семинарда шу ҳақда сўз борди.
Семинарнинг илк кунида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори А.Содиқов йиғилганларга “Париж-2024” Олимпиадасида ўрнатиладиган қоидалар, тартиблар хусусида сўзлаб берди.
Мутахассислар ва спорт шифокорлари иштирокидаги муҳокамалар давомида спортчиларнинг антидопинг қоидалари бўйича билимлари талаб даражасида эмаслиги, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича барча бирдек масъул экани таъкидланди Шунингдек, ҳозирги кунда юзага келаётган баҳсли вазиятларда қандай йўл тутиш кераклиги юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Икки кунлик семинарда мутахассислар АДАМС платформасидан тўғри фойдаланиш, допинг синама топшириш жараёнида спортчининг ҳуқуқ ва мажбурияти, йўлга қўйилган тегишли платформалар бўйича зарур тавсиялар айтилди.
Т.Рўзиев, ЎзА