Қозоғистонда 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди. Эътиборлиси чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин, 6 та кумуш ва 10 та бронза медалига эга чиқди.

Мусобақада Абдуллоҳ Мадаминов, Жаҳонгир Зокиров, Фарзона Фозилова ҳамда Феруза Казакова ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Асилбек Жалилов, Жавоҳир Умматалиев, Самандар Жалолов, Айсанем Саруарова, Азиза Зокирова, Диёрахон Абдуманнопова каби боксчиларимиз кумуш медаль билан тақдирланди.

Мусобақа давомида Хўжаназар Нортожиев, Саят Илясов, Шавкатжон Болтаев, Фазлиддин Эркинбоев, Диёрбек Уралов, Хуморабону Мамажонова, Муштарийбону Иброҳимжонова, Моҳинабону Абдуллаева, Хадичабону Абдуллаева ва Олтиной Сотимбоева терма жамоамизга бронза медаль келтирди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча мазкур мусобақанинг ёшлар ўртасидаги беллашувларида 7 та олтин, 3 та кумуш ва 12 та бронза медалига сазовор бўлган эди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА