Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унга соҳа вакиллари, ҳарбийлар, курсантлар, ижодкор зиёлилар, жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини мудофаа вазири, генерал-лейтенант  Баҳодир Қурбонов ўқиб эшиттирди.

Дарҳақиқат, инсон қадрига устувор эътибор қаратилаётган кейинги йилларда ҳарбий соҳани ислоҳ этиш, мазкур йўналишдаги миллий қонунчиликни давр талабига мос тарзда такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғоя ҳарбий соҳадаги миллий қонунчилигимизга ҳам тобора сингиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 январда «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармони соҳага кўрсатилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.

Ҳарбийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Соҳа ходимларини замонавий турар жойлар билан таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, зарур ижтимоий кафолатларни яратиш, олий таълим ва таълимнинг  кейинги босқичи билан қамраш, касбий, жисмоний салоҳиятини юксалтириш борасида кўплаб амалий ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Барча бўғиндаги ҳарбий ўқув даргоҳлари, ҳарбий қисмлар, госпиталлар, шифохоналар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг давр талабига ҳамқадам бўлиши йўлида зарур барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Юртимизда ташкил этилган «Темурбеклар мактаби» ўғлонларимиз миллий ва умужаҳон қадриятлари руҳида камол топиши, улар қалбига чин ватанпарварлик, эл-юртига содиқлик туйғуларини сингдириш, соҳа учун салоҳиятли кадрларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда мамлакатимиз ҳарбий тизимини шиддатли даврнинг талабига мос тарзда такомиллаштириш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига  Мурожаатномасида Ватанимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш,  тинч ва осойишта ҳаётимизни асраб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, барқарор тараққиёт йўлимизни жадал давом эттириш масаласи ҳамиша устувор экани таъкидланган.

Мамлакатимиз миллий хавфсизлигини таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ишлар жадал давом эттирилмоқда. Соҳага рақамлаштириш ва илғор технологиялар жадал жорий этилмоқда. Буларнинг барчаси Миллий армиямизнинг  том маънодаги нуфузи ва обрўсини янада юксалтириш, фахримиз ва ғуруримиз тимсолига айланишида асосий омил бўлмоқда.

Бугунги ғоят мураккаб глобаллашув замони тинчлик ва осойишталик, ўзаро аҳиллик ва тотувлик бошимиз узра мусаффо осмонимизнинг бебаҳо бойлик эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бу эса осойишталигимизни асрашда наинки ҳарбийлар, ўзини шу табаррук диёр фарзанди, деб билган барча ҳамюртларимиздан жонажон Ўзбекистонимизнинг тақдирига, келажагига дахлдорлик туйғуси билан яшашга, унинг тупроғини муқаддас билишга ва бу йўлда масъулиятни теран англашга даъват этмоқда. Зеро, Ватанимизнинг давлат суверенитетини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, ҳудудларимиз яхлитлиги ва осойишталигини сақлаш келажак авлод олдидаги муқаддас бурчимиздир.

– Ватанни, ўз халқини ҳимоялаш йигит кишининг зиммасидадир,  – деди Жиззах вилояти Дўстлик тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари, «Шуҳрат» медали соҳиби Элёр Жуманов. – Бизга билдирилган ишончни оқлаш,  Ватанимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш ҳаётимизнинг бош шиоридир.

– Ҳарбийлик бизга ота касб, – деди Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги гуруҳ командири Низомиддин Маматқулов. – Эл-юрт тинчлиги, унинг корига яраш наинки мақсадимиз, балки умр мазмунига айланиб кетган. Юрт тинчлиги, халқим ҳимояси учун керак бўлса жонимни беришга тайёрман.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари бадиий жамолари, санъат усталари ва ёшлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев,  Қонунчилик палатаси Раиси Нурдинжон Исмоилов иштирок этди.


Назокат УСМОНОВА, ЎзА