Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапур Республикасига ташрифи олдидан ушбу мамлакатда Ўзбекистон – Сингапур бизнес-форуми бошланди.

Икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқасини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган форум иқтисодий ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш, айниқса, инвестициялар жалб қилиш ва ишбилармон доиралар вакиллари билан тез-тез учрашувлар ташкил этишга келишиб олиш учун платформа вазифасини ўтамоқда.

– Ишончим комилки, бўлажак олий даражадаги ташриф ҳамкорлигимиз тарихида янги саҳифани очиб беради.

Биз ушбу олий даражадаги тадбир имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, унинг кун тартибини истиқболли ва юқори самарали келишув ҳамда битимлар билан бойитишга бел боғлаганмиз. Биз бу мақсадга эришиш учун цингапурлик дўстларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз, – деди Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов.

Ўз навбатида Сингапур томони мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг суръати ва самарадорлигини, икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш имкониятларини юқори баҳолади.

Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев 16-18 январь кунлари давлат ташрифи билан Сингапурда бўлади.


ЎзА