Буюк Британия сўнгги ўн йил ичида қайд этилган энг оғир грипп мавсумини бошдан кечираётгани маълум қилинди.

Мамлакат соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот бўйича давлат котиби Стив Барклайнинг айтишича, грипп эрта ва тез бошланган, ноябрдан декабргача етти баравар кўпайган.

– Биз охирги йилларда кузатилмаган грипп мавсумини бошдан кечиряпмиз. Ўтган йил айни шу вақтда грипп билан касалхонага ётқизилганлар сони эллик нафарни ташкил этган бўлса, жорий йил бу кўрсаткич беш мингдан ошди, – дейди С.Барклай британ парламентида сўзлаган нутқида.

Ахборотларда қайд этилишича, грипп эпидемияси коронавирус ҳамда “скарлатина” ва “стрептококк” каби бошқа хавфли инфекциялар билан бирга ривожланмоқда.

– Грипп масаласи ковид ўрнини эгаллади. 9 мингдан зиёд фуқаро коронавирус юқтирган ва шифохоналарга ётқизилган. “Скарлатина” ва “стрептококк” кўпайиши тез ёрдам хизматларига қийинчилик туғдирмоқда, – дея таъкидлади Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари.

 

ЎзА