Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг бир гуруҳ фахрийлари иштирокида “Ватанни ҳимоя қилиш – муқаддас бурч” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланди.

Учрашувда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етишимиз, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлашимиз лозим.

Шу мақсадда ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак. Ёш авлодни ана шундай баркамол, эл-юрт учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялашда нуронийларимизга таянамиз.

Президентимизнинг 2022 йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши асосида юртимиз бўйлаб “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Фахрийлар кенгаши фаоллари билан Миллий марказда бўлиб ўтган учрашув иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Давра суҳбати якунида меҳмонларга байрам совғалари тақдим этилди.

 

ЎзА