БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш «Бразилия демократик институтларига қилинган ҳужумни» қоралади, дея хабар беради ташкилот матбуот хизмати.
“Бразилия халқи ва мамлакат институтларининг иродаси ҳурмат қилиниши керак. Ишончим комилки, шундай бўлади. Бразилия буюк демократик давлат”, – деб ёзди Гутерриш ижтимоий тармоқ саҳифаларида
“Мен қонунни ҳурмат қилиш керак деб ҳисоблайман. Қонунга риоя қилинмаса, қонунни бузганлар унга мувофиқ жавобгарликка тортилиши керак. Бразилия ва кўплаб демократик давлатлар қонун устуворлиги билан бошқарилади. Муҳими, қонун устуворлиги ишлайди, демократия ривожланади”, – дея қўшимча қилди у.
БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам бу “Бразилия демократияси пойдеворига қилинган ҳужумни” қоралади.
“Сайловдаги фирибгарлик ҳақидаги асоссиз айбловлар сиёсий ҳаётда иштирок этиш ҳуқуқини бузади. Дезинформация ва манипуляцияни тўхтатиш керак”, дея қўшимча қилди у. Бразилиядаги барча сиёсий раҳбарларни “демократик институтларга ишончни тиклаш учун” биргаликда ишлашга чақирди.
Тюрк, шунингдек, камида саккиз журналистга ҳужум қилинганини қайд этди.
“Ушбу ҳужумлар сиёсий зўравонликнинг юқори даражасида журналистларга нисбатан жисмоний тажовузнинг кучаяётганини тасдиқлайди. Ҳукуматни якшанба кунги зўравонлик ҳолатлари юзасидан тезкор, холис, самарали ва шаффоф тергов ўтказишга ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақираман”, — деди у.
Бразилиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида журналистларга “ҳукумат Бразилияда ҳукуматнинг ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд тармоқларига нисбатан содир этилган зўравонликни энг кескин тарзда қоралайди”, деди.
ЎзА